Россия президенти Владимир Путин Сочида ўтган «Валдай» халқаро мулоқот клубининг XXII йиғилишида АҚШ раҳбари Доналд Трампнинг баёнотига муносабат билдирди. Бир неча кун олдин Трамп Россияни «қоғоз йўлбарс» деб атаган ва унинг ҳарбий қудратини масхара қилган эди.
Путин ўз чиқишида НАТО мамлакатларига мурожаат қилиб: «Токи биз бутун НАТО блокига қарши урушиб туриб ҳам олға силжий олаётган ва ўзимизни ишонч билан ҳис қилаётган бўлсак ҳам қоғоз йўлбарс бўлсак, унда НАТОнинг ўзи нима бўлади?», — деди.
Кремл раҳбари, шунингдек, Трампнинг сўзларини ирония билан айтилган бўлиши мумкинлигини тан олди. Бироқ, «боринглар-да, шу қоғоз йўлбарс билан бир тўқнашиб кўринглар», дея қўшимча қилди.
Йиғилиш модератори Путиндан Трампга қоғоздан ясалган йўлбарс совға қилиш таклифини билдирди. Путин эса бунга рад жавоб бериб: «Йўқ, биз унга нима совға қилишни ўзимиз биламиз», — деди.
Эслатиб ўтамиз, 23 сентябрь куни Доналд Трамп Россиянинг Украинадаги уруши «бесамар ва маъносиз» бўлиб қолганини айтган эди. Унинг фикрича, агар Москва ҳақиқий ҳарбий қудратга эга бўлганида, уруш бир ҳафтада тугаган бўлар эди. «Россиянинг можарони якунига етказа олмаслиги уни қоғоз йўлбарсга ўхшатади», — деган эди Трамп.