Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши 29 сентябр куни шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси тасарруфидаги ташкилотлар ҳамда туман ободонлаштириш бошқармаларига мавсумий гул кўчатларини экиш ишлари билан боғлиқ харажатлар учун 10 млрд сўм ажратиш бўйича қарор қабул қилди.
Ҳужжатга кўра, маблағнинг 1,82 млрд сўми турли ободонлаштириш бошқармаларига, қолган 8,18 млрд сўм эса туманлар кесимида тақсимланади.
Ободонлаштириш бошқармалари орасида энг катта маблағ – 815 миллион сўм марказий майдонларни ободонлаштириш бошқармасига ажратилган. Шунингдек, аҳамиятга молик кўчаларни ободонлаштириш бошқармасига 748 миллион, Ҳукумат объектларига хизмат кўрсатиш бошқармасига 190 миллион ва Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармасига 67 миллион сўм берилади.
Шу тариқа, шаҳар ва туманлар миқёсида мавсумий гул кўчатлари экиш, майдонлар ва кўчаларни ободонлаштириш ишларига зарур маблағ ажратилиши таъминланмоқда.
Маълумот учун, 2024 йил апрел ойида ҳам Тошкент шаҳри ҳокими томонидан гул кўчатлари харид қилиш билан боғлиқ харажатлар учун 7,92 млрд сўм ажратилган эди.