Украина армияси ҳийла ишлатиб, Россиянинг Су-34 ва Ми-8 учоқларини уриб туширди

22:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Украина армияси 25 сентябр куни Запорижжя узра парвоз қилган Су-34 самолётини, 29 сентябрда Донецк осмонида Ми-8 вертолётини уриб туширди. Икки ҳодиса ҳам ўта ғаройиб ҳийла ва янги тактикалар орқали амалга оширилган.

Patriot ukraine

BILD хабар қилишича, Украина ҳаво ҳимояси Россия авиациясига қарши кутилмаган услубдан фойдаланди. Россия армияси бир кун олдин «Patriot комплекси йўқ қилинди», деб ҳисобот берган эди. Аммо Украина томони махсус тайёрланган муляжни нишонга қўйиб бериб, ҳақиқий Patriot’дан пистирмадан фойдаланган.

Россиянинг Су-34 фронт бомбардимончиси Украинада ҳаво ҳимояси йўқ деган ишонч билан парвозга чиққан пайтда у зенит ракетаси билан йиқитилди. Россия матбуотига кўра, экипаж аъзоларидан бири ҳалок бўлган, иккинчиси тирик қолган.

Орқасидан яна бир зарба берилган: 29 сентябр куни Донецк устидан Украина қўшинлари илк бор дрон-камикадзе ёрдамида Россиянинг Ми-8 вертолётини уриб туширган. Киев разведкаси бир неча кун давомида россиялик учувчиларнинг ҳаракатини кузатиб, дронларни уларнинг эҳтимолий маршрутига жўнатиб келган. Шу куни ҳисоб-китоб аниқ чиқди — дрон ҳавода вертолётни «қўлга олди» ва йиқитди.

BILD ҳарбий шарҳловчиси Юлиан Рёпкенинг таъкидлашича, бу эпизодлар Россия ҳавода катта устунликка эга бўлишига қарамасдан, Украина янгича тактикалар билан жуда оғриқли зарбалар беришини кўрсатмоқда.