Бразилияда президент Луис Инасиу Лула да Силва таклиф этган муҳим ташаббус парламент қуйи палатаси томонидан маъқулланди. Энди ўрта табақа вакиллари даромад солиғидан озод этилади, бу эса мамлакатда 16 миллионга яқин фуқарони қамраб олади, деб хабар бермоқда BFMTV.
Янги қонун лойиҳасига кўра, ойлик даромади 5 минг реал (800 евро)дан кам бўлганлар солиқ тўламайди. Илгари бу чегара 3 минг реал (480 евро) даражасида эди. Шу тариқа, 2026 йилдан бошлаб аҳолининг катта қисми даромад солиғидан озод этилади.
Бюджет тушумларидаги йўқотишларни қоплаш мақсадида энг бой қатламга тўғри келадиган солиқ ставкалари тўрт баробар оширилади. Ҳозирда ойлик даромади 50 минг реал (7995 евро)дан юқори бўлган 140 минг киши ўртача 2,5 фоиз солиқ тўлайди. Янгиланган қонунга кўра, бу кўрсаткич босқичма-босқич оширилиб, 10 фоизгача етказилади.
Қонун лойиҳаси қуйи палатада бир овоздан қабул қилинди ва энди Сенат муҳокамасига йўлланди. Қизиғи шундаки, собиқ президент Жаир Болсонару партияси раҳбарлигидаги мухолифат гарчи бойлар учун солиқ оширилишини маъқулламаса-да, қонун учун овоз берди.
Лулага яқин электорат орасида кенг қўллаб-қувватланган ушбу ташаббус молия бозорларида салбий реакция уйғотган. Лойиҳа илк бор ўтган йили тақдим этилганда, реал миллий валютаси тарихий даражада қадрсизланиб кетган эди.