Энди газ балон ўрнатилганда «техпаспорт» алмаштириш шарт эмас

16:40 | 3 дақиқада ўқилади.

1 ноябрдан бошлаб автомобилга газ балон ўрнатилганидан сўнг транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини (техпаспорт) қайта расмийлаштириш талаб этилмайди.

Gaz balon

Президентнинг 16 сентябрда қабул қилинган «Рақамли технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-286-сон қарори билан 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб автомобилга газ балон ўрнатилганидан сўнг транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини (техпаспорт) қайта расмийлаштириш талаб этилмайди.

Янги тартибга кўра, газ балон ўрнатилгани ҳақидаги маълумотлар энди электрон тизим орқали юритилади. Шу тариқа ҳайдовчилар техпаспортни алмаштириш учун қўшимча вақт ва маблағ сарфламайди.

Қарор автотранспорт соҳасида рақамли жараёнларни кенг жорий этиш ва бюрократик тўсиқларни қисқартиришга қаратилган. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу тартиб ҳайдовчилар учун қулайлик яратиб, давлат хизматларини оптималлаштиради.

Шу билан бирга, маълумотларнинг электрон шаклда юритилиши идоралар ўртасида тезкор алмашинувни таъминлаб, йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини ҳам самаралироқ бошқариш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда чиройли автомобил давлат рақамларини сотиб олишнинг янги тартиби йўлга қўйилганлиги ҳақида хабар берган эдик (https://vaqt.uz/2025/10/03/avtoishqibozlarga-qulaylik-chiroyli-avtoraqamlarni-endi-aukcionsiz-sotib-olish-mumkin/). Аввал аукционга чиқарилган ва сотилмаган харидоргир рақамларни махсус илова орқали харид қилиш мумкин. Шунингдек, 2026 йилдан ишлаб чиқарилганига 50 йил бўлган машиналардан фойдаланиш тақиқланиши мумкин.