Ҳайдовчилик курсларида ўқиш нархи айни пайтда осмонга чиққан. Тошкент шаҳрида 4 ойлик курслар нархи 8–8,5 млн сўмгача бўлса, вилоятларда эса 6 млн сўмгача тўлаб ўқиш мумкин. Марказий банк маълумотларига кўра, август ойида энг қимматлашган товар ва хизматлар рўйхатида газ, сув ёки чиқинди ташиш хизматлари эмас, балки ҳайдовчилик курслари нархи сўнгги бир йилда 74,3 фоизга ошган.
Нархлар ошиш жараёни кеча ёки бугун бўлиб қолмади. Бу ҳолат 2022 йилдаёқ бошланган. Ўша пайтларда ҳайдовчилик курслари нархи 1 млн сўм атрофида бўлган, аммо 3 йил давомида бу рақамлар 6–7 каррага қимматлашди. Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таҳлил қилишича, 2024 йил январидан ҳисоблаганда ҳам ҳайдовчиликка тайёрлов курслари нархи 2 ўринда энг юқори ўсган товар бўлиб, 107,3 фоизга ошди.
Иқтисодчи Отабек Бакиров эса Ўзбекистондаги автомактлабларда ўқиш ҳар йили икки баробар қимматлаётганини, шу сабаб тез орада ҳайдовчиликка ўқиш энг қиммат Вестминстер университетида ўқишдан ҳам арзонроқ бўлиб қолишини иддао қилди.
Vaqt.uz журналисти нега автомактлаб курслари тўлови ошгани, айни пайтда пойтахтдаги нарх-наво, имтиҳон нархлари юзасидан суриштирув қилди.
Автомактабларда ҳайдовчилик курслари қанча?
Ўрганишлар давомида пойтахтда энг машҳур, мижозлари кўп бўлган 15 га яқин автомактаблардаги нархлар билан танишдик. Унга кўра, «B» тоифа учун (енгил автомобил бошқариш) курслар давомийлиги узоғи 4 ой 20 кунгача экан. Нархлар эса қуйидагича:
Автомактаб |
Давомийлик |
Нархи |
Akdrive |
4 ой 15 кун |
7 млн 500 минг сўм |
Instruktor |
4 ой 20 кун |
6 млн 500 минг сўм |
Avtolider |
4 ой 20 кун |
8 млн сўм |
Avtoakbar |
4 ой 15 кун |
7 млн 400 минг сўм |
Chorsu |
4 ой |
8 млн сўм |
Vaqt.uz ўрганишлари асосида тайёрланди
Бундан ташқари, тезлаштирилган (экспресс) курслар ҳам кўпаймоқда. Унда 4 ойлик дарсларни тамомлаб, ички гувоҳнома олган ўқувчигина тайёрлана олади. Маълумот учун, бу ҳолатда амалиёт ва назария тайёргарлигига алоҳида пул тўланади. Амалиёт, яъни машина ҳайдаш соати пойтахтдаги мактабларда ўртача 200 минг сўмни ташкил этади. Назарий, яъни тест синовига тайёрлаш нархи эса қуйидагича:
Автомактаб | Давомийлик |
Нархи |
Akdrive |
7–10 кун |
8 млн сўм |
Instruktor |
10–12 кун |
1 млн сўм |
Avtoakbar |
10 кун |
1 млн 500 минг сўм |
Sebzor |
5 кун |
800 минг сўм |
Vaqt.uz ўрганишлари асосида тайёрланди
Шуни ҳам айтиш керакки, «BC» тоифа (енгил автомобил ва юк машинаси бошқариш) учун курс топиш ҳам муаммо. Биз суриштирган автомактлаблардан фақат биттаси бундай имконият борлигини аниқладик.
Нега автомактабларда курслар қимматлашган?
Юқорида таъкидлаганимиздек, нархлар 2022 йилларда максимум 1 млн сўм атрофида бўлган. Айни пайтда пойтахтда ҳайдовчилик курслари нархи 8,5 млн сўмгача, вилоятларда 6 млн сўмгача ошди. Бунга сабаб бўлган омилларни ўрганиш мақсадида Самарқанд вилоятида шу йўналиш бўйича қатор йиллардан буён фаолият юритиб келаётган автомактлаб директорига мурожаат қилдик. У бизга нега курс нархлари қимматлашгани, тест тизимидаги мураккаб саволлар, ортиқча талаблар ҳақида вазиятни очиқлади.
«Олдин «B» тоифаси учун курслар икки ой давом этарди. «BC» тоифада ўқувчилар уч ойда тайёрланади. Ҳозир эса «BC» тоифаси учун ўқиш 6–6,5 ойга, «B» тоифаси учун эса 4,5 ойга чўзилди. Масалан, «B» тоифада бир гуруҳга уч киши бириктирилади: бир ўқитувчи ва икки ўргатувчи. Уларнинг ҳар бири 4,5 ой давомида маош олади. Шуни ҳисобласак, 4,5 млн сўмдан кўпроқ харажат чиқади», — дейди директор.
Унинг сўзларига кўра, курс тўловига фақат ўқитувчиларнинг маошига кетади, лекин машина ҳайдаш — амалий машғулотлар эътибордан ташқари қолдирилган. Машина ҳайдашга чиқиш учун алоҳида тўланади: ҳар бир машғулот учун ўртача 20–25 минг сўм.
«Ҳисобга ёқилғи харажатларини ҳам қўйсак, умумий тўлов 7–8 млн сўмга етиб боради. Биз айни нархни қўймасак, ҳеч ким ўқишга келмайди», — дея изоҳ берди у.
Директорнинг таъкидлашича, қишлоқ жойларда аҳолининг кўп қисми 1–2 млн сўм атрофида маош олади. Шу сабаб улар учун бу тўлов жуда оғир юк бўлиб қолмоқда. «BС» тоифада ҳам вазият шунга ўхшаш: 6,5 ой давомида бириктирилган учта ўқитувчи-ўргатувчи доимий ишлаши керак. Ҳатто 3 млн сўмдан ҳисобласак ҳам, бу бухгалтерия харажатларини қопламаслигидан норозилигини айтиб ўтди.
Бундан ташқари, автомактаб раҳбари талабларнинг ортиқча эканлигидан ҳам шикоят қилди:
«Энди ўша талабларни гапирсам, достон бўлиб кетади. Бир ярим йил мактабнинг фаолиятини лицензия сабабли тўхтатиб қўйдик. Ҳеч қандай қарорсиз амал қилиб турган лицензиямиз бекор бўлганини айтди, кейин янгига ҳаракат қилди. Югуриб-елиб лицензияни ҳам олгандан кейин, автодром тўғрисида 193-сонли қарор чиқди. У билан танишсак, эндиликда тартиблар жуда оғир-да. Менимча, бу даражада мураккаблаштириш шарт эмас эди», — дейди у.
Қарорга кўра, автомактабларнинг ҳам худди имтиҳон марказларидагидек жиҳозланган 1 гектарлик автодроми бўлиши ёки шундай автодромни ижарага олиши шарт. Табиийки, бу аксарият тадбиркорларга қийинчилик туғдирди.
Бундан ташқари, ўқувчилар давомадини текшириш учун FaceID тизимидан фойдаланиш ҳам талаблар рўйхатидан жой олган. Яъни, ҳайдовчилик курсларида ўқиётган ўқувчи дарсларга тўлиқ қатнашиши рақамлаштирилган тизим орқали назорат қилинади. Белгиланган миқдордан ортиқ дарс қолдирганлар, ҳатто тизим орқали ўқишдан четлаштирилиши ҳам мумкин. Бу эса ўқувчиларнинг дарсларга тўлиқ қатнашишини таъминлайди. Автомактлаблар нуқтайи назаридан қаралса, улар бу компютерлаштиришни йўлга қўйиш учун ҳам катта маблағ сарфлаган.
Яна бир масала ҳам бор. Бу эса танганинг умуман бошқа томони: Автомактаб раҳбари вазиятга бошқача нуқтадан ҳам қараш кераклигини айтди. Машиналар кўп, ЙТҲлар сони ҳам ошиб бораётган, лекин ўқитиш бўйича йўллар талабга жавоб бермайди. Йўл белгиларини пойтахтда кўриш мумкин, лекин вилоятларга чиққандан кейин уларни деярли учратмайсиз. Яъни, эътибор фақат ҳайдовчига эмас, балки у фойдаланаётган йўлга ҳам қаратилиши зарурлиги таъкидланди.
Имтиҳон топшириш нархлари
Ягона имтиҳон маркази орқали имтиҳон топшириш учун жами 2 млн сўм тўланади: 1 млн сўм тестга, 1 млн сўм амалий топшириқ учун (машина ҳайдаш). Қайта топшириш учун эса шу миқдорга 200 минг сўм қўшилади. Бундан ташқари, тест имтиҳонини топшириб, кейинги 2 ой давомида амалийни бажариш имконияти мавжуд.
Лекин бу миқдор қимматлиги ҳақида фаоллар ва аҳоли томонидан норозиликлар бор. Масалан, изоҳларда кузатувчилардан бири ўқиш нархи қимматлиги етмагандек, имтиҳон нархлари ҳам Америка шароитига яраша қўйилганини ёзган. Саволлар эса университетга кириш имтиҳонида ҳам бунчалик мураккаб эмаслигини таъкидлаган.
Яна бир кузатувчи эса шундай изоҳ қолдирган: «Давлат тестига ҳам 206 минг сўм тўлов қиласиз, лекин права учун 1 млн 200 минг сўм, бу халқни очиқчасига шилиш. Яна давлат имтиҳонида имконият кенгроқ — тўпланган балга қараб 5 та йўналишдан бирига кириш мумкин, лекин права имтиҳони худди шундай бориб келмасга тўлов қилиб кетишга ўхшайди. Бунинг охири вой, шу кетиши бўлса, права олиш жараёни энг коррупциялашган соҳага айланиши мумкин. Чунки ҳеч ким юқорига миллионлаб тўлов қилишни хоҳламайди ва мажбур коррупцияга аралашади. Мен бу тизимда келажакни кўрмаяпман».
Шу ўринда, автомактаб раҳбари халқ учун ҳозирги нархлар жуда оғир бўлаётганини айтмоқда. Масалан, оддийгина «B» тоифага ўқиган ўқувчи 2–2,5 млн сўм тўлаб имтиҳондан ўтмоқда. Ўзи раҳбарлик қилаётган автомактабда эса 4 ой давомида 4,5 млн сўмга (вилоят шароитида ўртача нарх, пойтахтда қимматроқ) ўқитилади. Лекин атиги 25 дақиқа ичида ўтказиладиган имтиҳон учун 1 млн сўм олинмоқда. Шу сабабли, у бу жараёнларни арзонлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш кераклигини таъкидлайди.
Саволларнинг мураккаблиги
Саволларнинг мураккаблик даражаси ҳам алоҳида масала. Фақатгина топширувчиларнинг фикрини ёзсак, нохолислик бўлиши мумкинлиги учун, микрофонни соҳада тажрибали мутахассисга ҳам тутдик. Автомактаб ходимининг айтишича, саволлар қийинлашган. Айниқса, чалғитувчи саволлар кўп. Баъзан умуман мантиқига тўғри келмайдиган хатолар ҳам учрайди. Ҳозирда жами 1238 та савол мавжуд бўлиб, шундан қарийб 238 таси мантиқсиз ёки чалкаш саволлардан иборат. Натижада кўплаб ўқувчилар «оддий хато сабаб йиқилдим», деб қайта келади.
Mутахассис тест саволларини мутахассислар билан қайта кўриб чиқиш, кераксизларини олиб ташлаш кераклигини таъкидлайди. Имтиҳонларни арзонлаштириш, саволларни тартибга келтириш ва тизимни адолатли қилиш зарур. Чунки бу ҳолат халқ учун жуда оғир бўляпти ва ўқитувчиларнинг ҳам, ўқувчиларнинг ҳам меҳнатига тўғри келмаяпти.
Сохта «правафурушлар»
Суриштирув давомида Telegram’да сохта ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб берувчилар ҳам учради. Уларга «мижоз» сифатида мурожаат қилганда, атиги 4 миллион сўм эвазига «B» тоифадаги, 4 млн 900 минг сўмга эса «BC» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини сотишни таклиф қилишди. Бироқ бошқа одамлар билан суҳбатлашилганда, ҳозирда бундай йўл билан «права» олиш амалда деярли имконияти йўқлиги айтилди.
Талаб ва назоратнинг кучайиши сабаб «гувоҳномафурушлар» сони камайган бўлса-да, ёшлар орасида гувоҳномасиз машина ҳайдаш ҳолати кўпайгани таъкидланмоқда.
«Вилоятлардаги танишларим, права оладиган ёшдаги болалар орасида гувоҳномасиз юриш кучайганини айтишяпти. Бир йил қийналиб, қимматга имтиҳон топширгунча, ҳужжатсиз машина миниб юраверамиз, дейишаркан. Ўз кўзим билан кўрдим, «права»си йўқ йигит Тошкентдан Наманганга машина ҳайдаб борди. Ва у бундай қилиши биринчи марта эмас», — деб ёзмоқда кузатувчилардан бири. Қўшимча қилнишича, авваллари Наманганда 200 доллар порасини бериб, имтиҳонга ҳам бормай «права» олиш мумкин эди. Ҳозир эса, «тизим зўр ишлаётгани учун» 2000 доллар порага ҳам «права» олиб бўлмаётган экан.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш жараёни аҳоли учун ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан оғир юкка айланиб бормоқда. Курс нархлари сўнгги уч йилда бир неча баробар қимматлашди, имтиҳон топшириш тўловлари эса айрим талабаларнинг ойлик маошига тенг бўлиб қолди. Бу эса оддий аҳоли учун имкониятни чекламоқда. Ҳайдовчилик қилиб рўзғор тебратаман деган ёшлар ниятларига ета олишмаяпти.
Иккинчи жиҳат — саволларнинг мураккаблиги ва тест тизимининг камчиликлари. Мантиқсиз ёки чалкаш саволлар кўплиги, қайта-қайта йиқилиш ҳолатларини кўпайтирмоқда. Бу жараённи оддий ва адолатли қилиш зарурлиги мутахассислар томонидан ҳам таъкидланмоқда.
Учинчи томондан, лицензия, автодром ва FaceID каби талабларнинг кучайиши автомактаблар харажатини янада оширди. Буни инфратузилмани яхшилаш деб баҳолаш мумкин, аммо натижада тўлов асосий оғирликни аҳоли зиммасига юкламоқда.
Бошқа тарафдан эса, нарх ва талабларнинг ортиши сохта гувоҳномалар савдосини қисқартирди, лекин ёшлар орасида гувоҳномасиз ҳайдаш ҳолати кўпайган. Бу эса йўл ҳаракати хавфсизлиги учун катта таҳдиддир. Шу боис, тизимда нархларни оптималлаштириш, саволларни қайта кўриб чиқиш ва инфратузилмани мақсадли равишда ривожлантириш зарур. Акс ҳолда, ҳайдовчилик гувоҳномаси оддий одам учун амалда етиб бўлмас даражада қиммат ва оғир жараёнга айланиб қолиши мумкин.
Бу нархлар ва талаблар фақат автомобил эгаларини эмас, балки мопед ва скутер ҳайдовчиларини ҳам қийнаётгани кузатилмоқда. Кейинги мақолаларда Vaqt.uz ушбу масалага ҳам алоҳида тўхталиб ўтади.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.