Ишлаб чиқарилганига 50 йил бўлган машиналардан фойдаланиш тақиқланиши мумкин

12:10 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон ҳукуматининг айрим қарорларига йўл ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси эълон қилинди.

Eski mashina

Ўзбекистон ҳукуматининг айрим қарорларига йўл ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарор лойиҳасига кўра, ишлаб чиқарилганига 50 йил бўлган машиналардан фойдаланиш тақиқланиши мумкин. 2026 йил 1 январдан эътиборан бундай транспорт воситалари қайта рўйхатга олинмайди ва давлат рўйхатидан чиқарилади. Фақат «антиквар» мақомига эга машиналар бундан мустасно ҳисобланади.

Қарорнинг асосий мақсади — йўлларда ҳаракат иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш ва мазкур соҳадаги ишларни самарали ташкил этишдан иборат. Чунки эски автомобиллар техник ҳолати ва экологик талабларга жавоб бермаслиги сабабли йўл-транспорт хавфини оширади.

Шунингдек, лойиҳада йўл ҳаракати қоидаларини аҳоли, айниқса, ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш чоралари ҳам белгиланган. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ички ишлар вазирлиги ва ҳокимликлар билан ҳамкорликда «Яшил чироқ» номли мусобақаларни уч босқичда ташкил этади.

Бундан ташқари, «Энг намунали йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланган ҳудуд» кўрик-танловини ўтказиш режалаштирилган. Мазкур тадбирларни ташкил этиш ва ғолибларни тақдирлаш харажатлари «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.