Ўзбекистонда ноябр ойи давомида кекса ёшдагилар учун авиапарвоз ва темирйўл сафарларига махсус чегирмалар амал қилади.
Uzbekistan Airways 30 сентябрдан бошлаб ички йўналишларда иқтисодий синфда парвоз қиладиган йўловчилар учун 15 фоизгача чегирмалар таклиф этмоқда. Акциядан 60 ёшдан катта эркаклар ва 55 ёшдан катта аёллар фойдаланиши мумкин. Чегирмалар 1–30 ноябр кунлари амал қилади.
Авиачипталарни Uzbekistan Airways Sales филиаллари, мамлакатдаги агентликлар ҳамда uzairways.com сайти орқали харид қилиш мумкин. Шу билан бирга, чегирма фақат йўловчи ташиш тарифларига татбиқ этилади, солиқ ва йиғимларга тааллуқли эмас.
«Ўзтемирйўловчи» ҳам кексалар учун акция эълон қилди. Жумладан, 2–8 октябр ва 1–30 ноябр кунлари маҳаллий йўналишлардаги барча поездларда (Afrosiyob юқори тезликли поездлари бундан мустасно) йўлкира нархининг 20 фоиз қисмига чегирма қўлланилади.
Темир йўл чипталарини eticket.railway.uz орқали онлайн тарзда ёки барча кассалардан харид қилиш имконияти мавжуд.
Аввалроқ Ўзбекистондаги барча аэропортларнинг ICAO (БМТ муассасаси бўлган Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти) коди ўзгаргани, UT коди ўрнига аэропортларнинг Ўзбекистонга тегишлилигини англатувчи UZ коди қўлланилиши ҳақида хабар берган эдик.