Ўзбекистон ҳукумати қарори билан «Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот» ва «Ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот» тўғрисида низомлар тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Низомга кўра, мукофотлар драматургия ва режиссура соҳаларида фаолият юритаётган ижодкорларни рағбатлантиришга қаратилган. Улар театр репертуарини долзарб мавзулардаги саҳна асарлари билан бойитишда қўшган ҳиссаси учун тақдирланади.
Мукофот ғолибларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 баробарига тенг маблағ — 63 млн 550 минг сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади. Шунингдек, диплом ва статуэтка ҳам тақдим этилади.
Мукофот номзодларига таклифлар Маданият вазирлигига юборилади. Вазирлик уларни кўриб чиқиб, 1 февралгача махсус комиссияга тақдим этади. Комиссия эса 1 мартгача якуний қарор қабул қилади.
Тантанали тақдирлаш маросими 27 март — Халқаро театр куни арафасида Маданият вазири ёки унинг тегишли ўринбосари томонидан амалга оширилади.