Қирғизистонда болалар ва аёлларга қарши жиноятлар учун ўлим жазоси таклиф этилди

18:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Садир Жапаров Қирғизистонда болалар ва аёлларга қарши жиноятлар учун ўлим жазосини қайтаришни таклиф қилди. Бунга 17 ёшли мактаб ўқувчисининг зўрланиши ва ўлдирилиши билан боғлиқ шов-шувли иш сабаб бўлди.

Ulim hjazosi

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда болалар ва аёлларга нисбатан шафқатсиз жиноятлар учун ўлим жазосини қайта жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни топширди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Аскат Алагозов маълумот берди.

Ўлим жазосинининг қайтарилиши таклифига Иссиқкўл вилоятида 27 сентябр куни содир бўлган воқеа сабаб бўлди. Барскон қишлоғидан бўлган 17 ёшли мактаб ўқувчиси Айсулуу Мукашева зўрланиб, ваҳшияна тарзда ўлдирилди.

Мазкур иш мамлакатда катта ғазаб ва эътирозларга сабаб бўлмоқда. Барскон аҳолиси ва минглаб фуқаролар ижтимоий тармоқларда қотилга энг оғир жазо қўлланилишини, шу жумладан ўлим жазосини қайтаришни талаб қилмоқда. Қурбоннинг қариндошлари ҳам қотил қатл этилиши лозимлигини билдирган.

Президент ташаббусини айрим диний ва жамоат арбоблари қўллаб-қувватлаган бўлса-да, ҳуқуқ ҳимоячилари унга қарши чиқди. Уларга кўра, гендер зўравонлик муаммоси ўлим жазоси орқали ҳал этилмайди, балки назорат тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидаги камчиликларни бартараф этиш зарур. Шунингдек, нотўғри тергов ва суд қарорлари бегуноҳ одамларнинг қатлига олиб келиши мумкинлиги қайд этилди.

«Президент Садир Жапаров, айниқса, болалар ва аёлларга қарши жиноятлар жазосиз қолмаслиги керак, деб ҳисоблайди», — деб ёзади Алагозов Facebook’даги саҳифасида.

Мутахассислар фикрича, ташаббус аҳоли эҳтиросини юмшатишга қаратилган популистик қадам бўлиши мумкин. Қонунга ўзгариш киритиш учун эса референдум ўтказиш талаб қилинади.

Маълумот учун, Қирғизистонда 1998 йилдан ўлим жазосига мораторий жорий этилган, 2007 йилдан эса у умрбод қамоқ билан алмаштирилган. Амалдаги конституция ҳам олий жазони тақиқлайди.