Россия президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш кенгаши раиси Валерий Фадеэв мамлакатда меҳнат муҳожирлари «этник анклавлар» ҳосил қилаётганидан шикоят қилди. У бу ҳақда 2 октябр куни Тошкентда МДҲ давлатларидаги миграция сиёсатига бағишланган давра суҳбатида гапирди.
Фадеэвга кўра, кўпинча «этник анклавлар»да Тошкент зиёлилари эмас, балки «олисдаги қишлоқларга хос турмуш тарзи»ни юритувчи одамлар истиқомат қилади.
«Ижтимоий таранглик шу ерда пайдо бўлади. Гап маданият, тил ва ўзаро муносабатлар масаласи ҳақида кетмоқда. Метрода кимдир намоз ўқиса ёки микроавтобус ҳайдовчиси намоз ўқий бошласа, бу жуда ғалати», – дейди у.
Фадеэв намозга қарши эмаслигини, лекин унинг фикрича, жамоат жойларида намоз ўқиш замон руҳига ҳам, диний кўрсатмаларга ҳам тўғри келмаслигини таъкидлади.
Шунингдек, у муҳожирларнинг болалари билан боғлиқ муаммога эътибор қаратди. Уларнинг бир неча юз минги Россияда яшаб туриб, мактабга қатнамаётганини таъкидлади.
«Бу мутлақо мақбул бўлмаган вазият, чунки Россия ва Ўзбекистон Конституцияларида ҳар бир кишининг умумий ўрта таълим олиш ҳуқуқи кафолатланган», – деди Инсон ҳуқуқлари кенгаши раиси. Ечим сифатида у Марказий Осиё мамлакатларида рус тилини ўқитишни таклиф этди.
Шу билан бирга, Фадеэв меҳнат миграциясининг икки мамлакат учун ҳам муҳимлигини таъкидлади. Унинг маълумотларига кўра, ҳозирда Россияда 2 миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилмоқда ва улар ўтган йили ватанларига 11,5 миллиард доллар жўнатишган. Бу Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 9 фоизини ташкил этади.
Ўзбекистон Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев бошқача рақамларни келтирди. Унинг айтишича, Россияда тахминан 1,3 миллион ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда ва уларнинг сони мавсумга қараб ўзгариб туради.
2025 йилда Россия компаниялари Ўзбекистондан 150 мингдан ортиқ ишчи учун буюртма берган. 100 мингдан зиёд киши аллақачон Россия Федерациясига ташкиллаштирилган тарзда жўнатилган. Меҳнат муҳожирлар нафақат қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалигида, балки «Газпром», «Лукойл», «КамАЗ», «АвтоВАЗ» сингари йирик корхоналарда ҳам ишламоқда.