Самарқандда ҳокимликлардан 90 млрд сўмга яқин компенсация ундирилди

14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Компенсация 2025 йил давомида Самарқандда фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган бинолари учун ундирилган.

Kompensatsiya

2025 йил давомида Самарқандда фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган бинолари учун ҳокимликлардан 90 млрд сўмга яқин компенсация ундирилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Жорий йилда Мажбурий ижро бюроси ҳудудий бўлимлари иш юритувига фуқаролар манфаатларига оид қарздорликларни ундириш юзасидан 1 трлн сўмлик 81 мингдан ортиқ ижро ҳужжати келиб тушган. Улардан 20 мингдан ортиғи якунига етказилиб, 127 млрд сўмдан кўпроқ маблағ қайтарилган.

Шунингдек, бузилган уй-жой ва ишлаб чиқариш иморатлари учун ҳокимликлардан компенсация ундируви билан боғлиқ 218 та ижро иши кўриб чиқилган. Натижада жисмоний ва юридик шахслар манфаати учун жами 89,9 млрд сўм ундириб берилган.

Фуқаролар манфаатида 644 нафар шахс фойдасига 5,1 млрд сўм, шу жумладан 1 млрд сўмдан зиёд иш ҳақи ҳамда 8,1 млрд сўм зарар пули ундирилиши таъминланди.

Ҳозирги пайтда ҳам 61 мингдан зиёд фуқаролар учун 659,2 млрд сўмлик, юридик шахслар учун эса 2 трлн сўмга яқин мажбурий ижро ишлари давом этмоқда. МИБ Самарқанд вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан бу йўналишда чоралар кўрилмоқда.