Владимир Путин: «Tomohawk» эскирган ва кучли қурол бўлса-да, уни уриб туширамиз»

08:43 | 3 дақиқада ўқилади.

Владимир Путин «Валдай» клуби мажлисида АҚШ Украинага бермоқчи бўлаётган «Tomohawk» қанотли ракеталари замонавий эмаслиги, аммо улар барибир жиддий таҳдид эканини қайд этди.

Putin tomohawk

Россия президенти Владимир Путин «Валдай» халқаро мулоқот клубининг XXII йиллик йиғилишида АҚШнинг «Tomohawk» туркумидаги узоқ масофага учадиган қанотли ракеталари ҳақида фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу қурол замонавий эмас, аммо ҳали ҳам етарлича кучга эга.

«Бундан аввал ҳам ATACMS ракеталари берилган эди. Улар маълум даражада зарар етказди, аммо Россиянинг ҳаво ҳимоя тизими унга мослашди. «Tomohawk» ҳам зарар етказиши мумкинми? Албатта, лекин биз уларни уриб туширамиз, боз устига, ўзимиздаги ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимини янада такомиллаштирамиз», — деди Путин.

У шунингдек, бу ракеталарнинг Украинага етказилиши Москва ва Вашингтон муносабатларига жиддий зарба бериши мумкинлигини таъкидлади. Путинга кўра, «Tomohawk»дан фойдаланишда америкалик мутахассислар иштирокисиз ҳаракат қилиш деярли имконсиз.

Шу билан бирга, Россия раҳбари ҳатто Украинага «Tomohawk» етказиб берилса ҳам, у фронтдаги вазиятни энди ўзгартиролмаслигини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, Украина президенти Володимир Зеленский яқинда Доналд Трамп билан ёпиқ учрашувда Киевга «Tomohawk» қанотли ракеталарини беришни сўраган эди. The Telegraph манбаларига кўра, Украина бу қурол Москвага босим ўтказиб, Путинни музокаралар столига ўтқазишга ёрдам беради, деб ҳисобламоқда.

Аввалроқ Владимир Путин АҚШ президенти Доналд Трампнинг Россияни «қоғоз йўлбарс» деган масхараомуз сўзларига жавоб қайтариб, НАТОни синовдан ўтказишга чақиргани ҳақида хабар берган эдик.