Европа Иттифоқи етакчилари Украинага Россия активлари ҳисобидан 140 млрд евро ажратиш масаласида келишувга етиша олмади, дея хабар берди Financial Times. Энг кўп активлар музлатилган Белгия бу маблағларни мусодара қилишга қарши чиқмоқда.
Белгия бош вазири Барт Де Вевер Копенҳагендаги Европа сиёсий ҳамжамияти саммитида сўзлаб, мамлакат ҳали ЕИдан молиявий хавфларни бўлишиш бўйича кафолат олмаганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, «Украина бўйича кўнгиллилар коалицияси» энди «тўловчилар коалицияси»га айланиши керак. «Агар барча давлатлар ўз ҳиссасини қўшса, активларни мусодара қилишга эҳтиёж қолмайди», — деди у.
Венгрия бош вазири Виктор Орбан эса Украина учун ЕИ аъзолигини «ортиқча ва амалга ошмайдиган» деб атади. Унинг фикрича, Киевга «чин битим» сифатида фақат стратегик ҳамкорлик таклиф этилиши мумкин. Орбан Европа Иттифоқи учун «муваффақиятли давлатлар, масалан Гуржистон» кераклигини айтиб ўтди.
Шу билан бирга, Bloomberg маълумотича, Германия канцлери Фридрих Мерц музокаралар пайтида Орбанни қаттиқ танқид қилди. Баҳс Россия таҳдидлари ва Украинага кўмак мавзусидаги муҳокамалар давомида юзага келди.
Полша бош вазири Доналд Туск эса Россиянинг Европа олдида «руҳий устунлиги» ҳақида гапирди. «Россия жанга, қурбонликка ва азоб тортишга тайёр. Бу уларнинг психологик афзаллиги», — деди у. Туск, шунингдек, Полша учун энг устувор масала Украинадаги можарода тезкор тўхташ ва «ярашув» эканини қайд этди.
Москва эса бу баҳсларга кескин муносабат билдирди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, ЕИда Россия активларини мусодара қилиш муҳокамаси «бандитлар гуруҳи»га ўхшайди. «Кимдир шухерда, кимдир ўғирлаяпти, Бельгия эса: «Хайр, келинглар масъулиятни бўлишайлик», деб бақиряпти», — деди у. Кремл Россия мулкини ўзлаштириш уринишлари жавобсиз қолмаслигини ҳам қўшимча қилди.