АҚШда Трамп сурати туширилган 1 долларлик юбилей танга чиқарилади

08:42 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ 250 йиллиги муносабати билан Трамп сурати туширилган 1 долларлик юбилей тангаси чиқарилади. Дизайн орасида «Fight, Fight, Fight» шиори бор.

Us 1 dollar trump

АҚШ Ғазначилиги мамлакат мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан Доналд Трамп сурати туширилган юбилей тангаларини чиқаришини маълум қилди. Бу ҳақда республикачи сенатор Тед Круз маслаҳатчиси Стив Гест ижтимоий тармоқда эълон қилди.

Дастлабки макетга кўра, танганинг олд томонида президент Трампнинг профил сурати жойлашган. Унинг устидан «Liberty» ёзуви, марказида «In God We Trust» («Биз Худога ишонамиз») шиори, остида эса 1776–2026 йиллар кўрсатилган. Бу сана АҚШнинг мустақиллик эълон қилганидан буёнги 250 йилликни англатади.

Орқа томонида эса Трамп Америка байроғи фонида баланд кўтарилган мушт билан тасвирланган. Шу ерда «Fight, Fight, Fight» шиори ёзилган бўлиб, пастки қисмида «United States of America» ва давлат девизи «E Pluribus Unum» («Кўпдан — ягона») жой олган. Танганинг қиймати — 1 доллар кўрсатилган.

АҚШ ғазначиси Брэндон Бич танга ҳақиқатан ҳам ишлаб чиқилаётганини тасдиқлади. Унинг айтишича, дизайн ҳали якуний тасдиқдан ўтмаган, бироқ танга 2026 йилда муомалага чиқарилади. «Бу лойиҳа мамлакатимиз тарихий руҳи ва демократиясини ифодалайди», — деди у.

Маълумот учун, Конгресс 2020 йилда махсус қонун қабул қилган бўлиб, унга кўра Молия вазирлигига 2026 йил давомида 1 долларлик юбилей тангаларини чиқариш ҳуқуқи берилган. Қонунни ўша пайтда президент лавозимида бўлган Доналд Трампнинг ўзи имзолаган эди.