Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси вилоят раҳбарларининг кенгайтирилган йиғилишида нутқ сўзлади. У ўз нутқи давомида Ғазодаги фаластинликларга инсонпарварлик миссияси учун кетаётган «Глобал сумуд» флотилиясига қилинган ҳужумни қоралади.
«Исроил ҳокимиятининг халқаро сувларда бўлган тинч фуқароларга ҳужуми, Ғазода содир этилаётган инсониятга қарши жиноятларни яширишга уринаётган геноцид тизими қанчалик ақлдан озган ҳолатда эканини яна бир бор кўрсатди. Геноцид сиёсатини олиб бораётган Нетаняҳу ҳукумати нафақат тинчликка интилмаслигини, балки унинг ўрнатилиши имкониятига ҳам тоқат қила олмаслиги аниқ бўлди», — деди Эрдўған.
У Туркия флотилиянинг барча иштирокчиларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади:
«Глобал сумуд» флотилияси Ғазода содир бўлаётган воқеаларнинг шафқатсиз ҳақиқатини ва Исроил агрессиясининг асл қиёфасини яна бир бор бутун дунёга намойиш этди. Туркия инсоният виждонини ифодаловчи ушбу инсонпарварлик миссиясининг барча иштирокчилари билан бирга. Бизнинг ваколатли органларимиз воқеалар ривожини реал вақт режимида кузатиб боради ва фаоллар ва фуқароларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чораларни кўрмоқда. Ғазода ва муҳтожларга инсонпарварлик ёрдамларининг тўсиқсиз етказилишини таъминлаш учун энг оғир шароитларда ҳаёт ва қадр-қиммат учун курашаётган фаластинлик биродарларимизни тарк этмаймиз ва ўт очишни тўхтатиш учун барча саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз», — деди Туркия президенти.