Фабио Каннаваро Ўзбекистонда йилига қанча маош олиши маълум қилинди

08:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Италиялик мутахассис Фабио Каннаваро Ўзбекистон миллий жамоаси билан шартнома имзолаб, йилига қанча евро иш ҳақи олиши ҳақидаги норасмий маълумотлар пайдо бўлди.

Fabio cannavaro

Россиянинг «Спорт-экспресс» нашри битимдан хабардор италиялик манбасига асосланиб ёзишича, 2006 йилги жаҳон чемпиони, машҳур мураббий Фабио Каннаваро Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан бир йиллик шартнома имзолади. 52 ёшли мутахассиснинг йиллик маоши 3,5–4 миллион еврони ташкил этади. Бу суммага унинг мураббийлар штаби харажатлари ҳам киради.

Маълумотларга кўра, Каннаваро дастлаб Италия ёки бошқа Европа давлатларидан таклиф кутган. Унинг хизматларига Қозоғистон терма жамоаси ҳам қизиқиш билдирган, аммо мутахассис охир-оқибат Ўзбекистон футбол федерацияси шартларини қабул қилди.

Шартнома бир йиллик муддатга тузилган. Агар Ўзбекистон миллий жамоа 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичида муваффақиятли натижага эришса, Каннаваро шартномани узайтириш ёки Европага қайтиш ҳақида қарор қабул қилади.

Италия матбуоти шунингдек, Каннаваронинг мураббийлар штабига унинг 44 ёшли укаси Паоло Каннаваро қўшилиши мумкинлигини ёзмоқда. Паоло 2024 йил ноябрида серия С клуби «Про Верчелли»дан истеъфо берган эди.

Фабио Каннаваро футбол тарихидаги энг нуфузли шахслардан бири ҳисобланади. У 2006 йилда Жаҳон чемпионатида Италия термасига сардор сифатида ғалаба келтирган ва шу йили «Олтин тўп» соҳиби бўлган эди.

Унинг Ўзбекистонга келиши маҳаллий футболда катта мунозараларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, айрим фикр эгаларига кўра, миллий жамоага терма жамоалар билан тажрибаси бойроқ хорижлик мураббий келтирилиши ёки Темур Копадзенинг ўзига имкон бериши керак эди.