Фарғонада солиқ идораси ходими пора билан қўлга тушди

18:33 | 2 дақиқада ўқилади.

Фарғона вилоятида давлат солиқ идораси ходими тадбиркордан ер майдонини расмийлаштириш учун 30 минг доллар пора талаб қилган.

Image 2025 10 04 13 36 40

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълумотига кўра, Фарғона вилояти Давлат солиқ бошқармаси катта инспектори ўз укаси номидан фойдаланиб, 48 сотих ер майдонини расмийлаштириш учун 30 минг АҚШ доллари талаб қилган. Ер майдони 2023 йилда электрон аукцион орқали 30 йилга ижарага берилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги учун мўлжаллангани қайд этилган.

Маълумотларга кўра, инспектор юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ерни харидор номига расмийлаштиришни ваъда қилган. Бунинг эвазига у тадбиркордан катта миқдорда пора сўраган.

Тезкор тадбир давомида давлат органлари ходими талаб қилинган маблағни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Воқеа Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида амалга оширилган.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25 ва 168-моддалари 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.