Ўзбекистонда пенсия тўловлари янги тартибда амалга оширила бошлади. Октябрдан бошлаб пенсияларни нақд шаклда олиш жараёни фуқароларнинг Face-ID орқали биометрик идентификацияси билан таъминланади, деб маълумот бермоқда Пенсия жамғармаси.
Янги тизим орқали фуқароларнинг шахси аниқланади, имзо электрон тарзда олинади ва ҳисоботларда «тўланди» деб кўрсатилган маблағ амалда эгасига етказилади. Бу усул тўловларнинг ўз вақтида ва манзилли тарзда амалга ошишини кафолатлайди ҳамда пенсияларни бошқа шахслар олиб қўйиши ҳолатларининг олдини олади.
Адлия вазирлиги Пенсия жамғармаси ва Халқ банки сўровига кўра, фуқароларнинг биометрик маълумотларини бепул тақдим этади. Мазкур тизим учун зарур ускуналар харидини эса Пенсия жамғармаси ва Халқ банки маблағлари ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилган.
Маълумот учун, 2024 йил сентябрда Вазирлар Маҳкамаси пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузган. Концепция 2025 йил март ойига қадар Президент Администрациясига тақдим этилиши кутилмоқда. Ишчи гуруҳга иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров раҳбарлик қилмоқда.
Сўнгги йилларда Пенсия жамғармаси даромадлари 3,4 баробарга ошган бўлса, харажатлар 5 баробар кўпайган. Халқаро Валюта Жамғармаси мутахассислари Ўзбекистонда пенсия тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ва рақамлаштириш, шунингдек, суғурта стажини жорий этиш бўйича таклифлар берган.