Россия ҳукумати 1,4 мингга яқин мигрантни депортация қилишга қарор чиқарди

21:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Улар орасида оғир жиноятларда айбланган ва сохта ҳужжат билан кирган шахслар ҳам бор бўлиб, 450 дан ортиғи аллақачон чиқариб юборилган.

Image 2025 10 04 10 37 15

Россия ҳукумати мамлакатда қонунбузарликлар содир этган ва ноқонуний яшаб келаётган қарийб 1400 нафар хорижлик фуқарони депортация қилишга қарор қилди. Бу ҳақда Россия ИИВнинг Москва шаҳридаги Бош бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.

Маълумотларга кўра, жорий йил бошидан бери турли жиноятлар, жумладан оғир жиноятларда айбланаётган 242 нафар, турли касалликларга чалинган 430 нафар ҳамда сохта ҳужжатлар билан мамлакатга кирган 100 дан ортиқ мигрант аниқланган. Оқибатда, 1400 нафарга яқин чет элликка нисбатан депортация ҳақида қарор чиқарилиб, улардан 450 дан ортиғи аллақачон мамлакатдан чиқариб юборилган.

Шу билан бирга, Россияда ўтган давр мобайнида 32 нафар шахснинг фуқаролиги бекор қилинган. Уларнинг асосий қисми одам ўғирлаш, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик, гиёҳванд моддалар савдоси ва миллий хавфсизликка таҳдид каби оғир жиноятларда айблангани қайд этилган.

ИИВ маълумотича, йил давомида ноқонуний миграция билан боғлиқ 2400 та, чет элликларни ноқонуний легаллаштириш бўйича эса 170 та жиноят ҳолати аниқланган. Барча ишлар Россия қонунчилигидаги тегишли моддалар асосида судга юборилган.

Шу билан бирга, Россияда 344 нафар чет эл фуқароси сoddалаштирилган тартибда фуқаролик олгани маълум қилинди. Улар асосан «юксак маънавий-ахлоқий қадриятларга эга» ҳамда «неолиберал кун тартибини рад этган» мамлакатлардан келгани таъкидланди.