Yandex Go Ўзбекистонда такси ҳайдовчилари учун платформани янада инклюзив қилиш мақсадида қатор янгиликларни жорий этди. Бу ҳақда компаниянинг маҳаллий ваколатхоналари Gazeta.uzʼга маълум қилган.
Эндиликда ҳайдовчилар сервисга қўнғироқсиз, тўлиқ матнли сайт орқали онлайн қўшила олади. Ариза топширгандан сўнг, қўллаб-қувватлаш хизмати улар билан мессенжер орқали боғланади. Шу билан бирга, Yandex Pro иловасидаги ўқув материаллари ишора тилига таржима қилинди.
Пассажирлар билан мулоқотни енгиллаштириш учун автомобилларда махсус чехоллар ва карточкалар пайдо бўлди. Масалан, улар ёрдамида кондиционер ёки мусиқа ёқишни сўраш мумкин. Таксопарклар учун эса эшитишида муаммоси бор ҳайдовчилар билан тўғри муносабат ўрнатиш бўйича йўриқнома тайёрланди.
Ўзбекистонда ҳозирда сервис билан 700 нафарга яқин кар ва заиф эшитувчи ҳайдовчилар ҳамкорлик қилади. Улар ойига 35 мингдан ортиқ саёҳат амалга оширишмоқда. Янгиликлар Заиф эшитувчилар халқаро куни муносабати билан жорий қилинди ва бевосита ҳайдовчиларнинг фикрлари асосида ишлаб чиқилди.
Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги матбуот котиби Дилфуза Рўзметованинг таъкидлашича, бу ташаббуслар фақат янги иш ўринларини яратиш билан чекланмайди, балки жамиятда ҳурмат ва тенг ҳуқуқлилик маданиятини шакллантиради. Тошкентдаги «Шароит Плюс» жамоат бирлашмаси раҳбари Дилмурод Юсупов эса лойиҳани инклюзив бозорда янги стандарт сифатида баҳолади.
Шунингдек, аввалроқ Yandex Pro иловасида кар ҳайдовчилар учун махсус функциялар жорий этилган эди. Улар ёқилганида ё буюртма келганда телефон титрайди ва экран ёнади, «қўнғироқ қилиш» тугмаси ўрнига чат орқали мулоқот амалга оширилади.