Бугуннинг ўзидаёқ сувга эга бўлиш масаласи дипломатик зиддиятларга сабаб бўлмоқда, эртага эса урушларга ҳам айланиши мумкин. Асрнинг энг асосий экологик муаммоси ҳақида Republic.ru нашрида Анастасия Приказчикованинг мақоласи эълон қилинди.
Август ойи охирида Ироқнинг шимолида археологлар қарийб 2300 йилдан буён сақланиб қолган 40 га яқин қабрни кашф этди. Уларнинг очилиб қолишига сабаб — мамлакатдаги энг йирик сув омборида сув сатҳи тарихий минимумга тушиб кетган эди. Ироқда 2025 йил 1933 йилдан бери энг қурғоқ йиллардан бири бўлди. Мамлакатдаги сув захиралари тўла ҳажмнинг бор-йўғи 8 фоизини ташкил этмоқда. Бу эса Фурот дарёсининг жанубий қисмидаги минглаб оилаларни ўз уйларини тарк этишга мажбур қилди. Мамлакат сув ресурслари вазири эса ҳатто кузги қишлоқ хўжалиги режаларини қайта кўриб чиқишни эълон қилди.
Ироқдаги сув инқирозига фақатгина иқлим ўзгариши эмас, балки Эрон ва Туркия ҳудудида — Фуротнинг юқори оқимида қурилган тўғонлар ҳам, шунингдек, Ироқдаги ички муаммолар, хусусан сиёсий элита орасидаги коррупция ва самарасиз бошқарув ҳам сабаб қилиб кўрсатилади. Аммо Ироқ — ичимлик суви танқислиги давлат ичида ва мамлакатлар ўртасида низоларга сабаб бўлаётган ягона ҳудуд эмас.

Тинч океани тадқиқот институти маълумотларига кўра, у 1980-йиллардан бери сув билан боғлиқ можароларни қайд этиб келади. 2023 йилда шундай низолар сони 2022 йилга нисбатан 50 фоизга ошган: 2022 йилда 231 та, 2023 йилда эса 347 та ҳолат қайд этилган. Солиштириш учун: 2000 йилда сув билан боғлиқ бор-йўғи 22 можаро кузатилган. Бу ерда сув инфратузилмаларига ҳужумлар, сув ресурсларини бошқариш бўйича тортишувлар, сувдан қуролли тўқнашувларда босим воситаси сифатида фойдаланиш ҳолатлари назарда тутилмоқда.
Кўп ҳолларда бу каби зиддиятларга глобал сув инқирози сабаб деб қаралади. UNESCO маълумотига кўра, бугунги кунда дунё бўйлаб 2 миллиарддан ортиқ киши хавфсиз ичимлик сувига эга эмас. Ер юзидаги 2–3 миллиард одам йилига камида бир ой сув танқислигига дуч келади.
COVID-19 пандемияси даврида 3 миллиард киши қўлини совунлаб ювиш имконига эга бўлмагани маълум бўлди — яъни вирусдан ҳимояланишнинг энг асосий чорасидан маҳрум бўлган.
Прогнозларга кўра, ушбу ўн йилликнинг охирига келиб ичимлик сувига талаб таклифдан 40 фоизга ошиб кетади. 2050 йилга бориб эса сув билан боғлиқ муаммолар дунё ялпи ички маҳсулотини 8 фоизгача камайтиради. Камбағал давлатларда эса йўқотишлар 15 фоизга етиши мумкин. Шуни ҳам унутмаслик керакки, дунёдаги озиқ-овқатнинг ярмидан кўп қисми сув танқис бўлган ҳудудларда етиштирилади. Демак, яқин ўн йилликларда инсоният сув билан бирга озиқ-овқат инқирозига ҳам дуч келиши мумкин.
Яна иқлим ҳақида
Ер юзасининг 70 фоизини сув ташкил этади, аммо унинг 97 фоизи денгизнинг шўр сувидир. Қолган 3 фоиз ичишга яроқли сувга тўғри келади ва шу озгина манбаларга бугун 8 миллиард инсоннинг ҳаёти боғлиқ. Шу уч фоизнинг ҳам атиги 0,06 фоизи инсонлар учун осон етиб бориш мумкин бўлган ресурс ҳисобланади. Қолгани эса қутб музликлари, тошқинли музликлар, ерости сувлари ва ботқоқликларда сақланади.
Ичимлик сувини шартли равишда «кўк сув» ва «яшил сув» деб иккига бўлиш мумкин. Бу иккиси ўзаро чамбарчас боғлиқ. «Кўк сув» дарёлар, кўллар, сув қатламлари, музликлар ва қутб муз қалқонларида жамланган бўлади — у дарё оқимларини ташкил қилади ва ерости сувларини тўлдиради. «Яшил сув» эса тупроқ, ўрмон ва ўсимликларда жамланган бўлиб, оддий буғланиш ва транспирация (ўсимликларнинг буғланиш жараёни) орқали атмосферага қайтиб, у ерда булутларга айланади. Булутлар эса катта масофаларга ҳаракат қилиб, турли ҳудудларга ёмғир ёғдиришни таъминлайди. Шу табиий айланиш ҳисобига ердаги ёмғирнинг тахминан 40 фоизи айнан «яшил сув» ҳисобига юзага келади. Евроосиё, Жанубий Америка ва Африкадаги айрим ҳудудларда бу кўрсаткич 80–90 фоизгача етади. Бу эса уларнинг локал буғланишларга қай даражада боғлиқ эканини кўрсатади.

Ичимлик сувининг табиий айланиши бутун дунё мамлакатларини бир-бирига боғлайди. Масалан, Ғарбий Африкада буғланган сув Жанубий Америкада ёмғирга айланса, Шимолий Америкадаги буғланиш Европа мамлакатларида ёмғир бўлиб ёғади. Бу тизим аъло даражада ишлайди, агарда ҳар бир элемент ўз вазифасини адо эта олса! Аммо инсон омили — ердан фойдаланишдаги йирик ўзгаришлар: ўрмонларни ўтлоқ ва плантацияларга айлантириш, ботқоқликларни қуритиш, янги тўғонлар ва сув омборлари қурилиши — табиий буғланиш, ёмғир ва сув оқимлари мувозанатини бузади.
Бу ҳолатга глобал иқлим ўзгариши ҳам қўшимча хавф солмоқда. Ер сайёраси исиши билан сувнинг буғланиши ҳам кучаяди. Иссиқ ҳаво кўпроқ намни ушлаб туриши мумкин ва бу иссиқхона эффектини янада кучайтиради ҳамда исишни тезлаштиради. Шу орқали «бузуқ айланма» пайдо бўлади: сув айланиши кучаяди, ёмғирлар шиддатлироқ бўлади, тўфон ва бўронлар кучаяди, тошқинлар эса кўпайиб боради. Натижада, баъзи ҳудудларда ёмғир ортиқча миқдорда ёғса, бошқа жойларда танқислик кузатилади. Ҳар икки ҳолат ҳам минтақаларни экологик фалокатга етаклайди — бири сув босишидан, иккинчиси эса қурғоқчиликдан азият чекади.
Аср охирига бориб, Марказий Африка, Ҳиндистон ва Хитойда ёмғир миқдори 30 фоизга кўпайиши кутилмоқда. Аммо Европа, Жанубий Америка, Жанубий Африка ва Австралияда ёғингарлик 25 фоизга камайиши тахмин қилинмоқда.
Музликларнинг эрий бошлаши ҳам катта хавотир уйғотмоқда. Чунки улар ер юзидаги ичимлик сувининг тахминан 70 фоизини сақлайди. Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, 2023 йил — тарихдаги энг иссиқ йилда музликлар 600 гигатоннадан ортиқ сувни йўқотган. Бу сўнгги ярим асрдаги энг катта йўқотиш ҳисобланади. 2000 йилдан бери музликлар ўз ҳажмининг 5 фоизини йўқотган. Прогнозларга кўра, агар глобал исиш 2 даража Целсий даражасида ушлаб турилса, аср охирига бориб музликларнинг тўртдан бир қисми йўқолиши мумкин. Агар эса негатив сценарий амалга ошса ва ҳарорат 3–5 даражагача кўтарилса, инсоният музликларнинг ярмини йўқотади. Бу эса ичимлик суви захираларининг йўқотилишига ҳам тенг бўлади.

Уч томонлама инқироз
Йоҳанн Рокстрём — Глобал сув ресурслари иқтисодиёти бўйича комиссиянинг ҳамраиси — дунёда сув бўйича юзага келган вазиятни «уч томонлама инқироз» деб атайди. Инсон нафақат глобал гидрологик айланишга таъсир кўрсатиб, иқлимга таъсир қилмоқда, балки тоза ичимлик сувини ифлослантирмоқда ва ундан самарасиз фойдаланмоқда.
БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда ер юзидаги барча ифлос сувларнинг 80 фоизи қайта тозаланмасдан табиатга қайтарилмоқда, натижада тоза ичимлик суви миқдори тобора камайиб бормоқда.
Сувни ифлослантиришнинг асосий манбаи — қишлоқ хўжалиги соҳаси бўлиб, у азот ва фосфор моддалари, гербицидлар ва бошқа кимёвий моддаларнинг фаол қўлланилиши билан боғлиқ. Бу моддалар канализация орқали очиқ сув ҳавзасига тушади, ер ости сувларига сингиб кетади ва сувни ифлослантириб, инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун хавф туғдиради. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигида дунёдаги мавжуд ичимлик сувининг 70 фоизга яқини сарфланади. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти баҳосига кўра, аҳоли сони ўсиши туфайли 2050 йилга бориб озиқ-овқатга бўлган эҳтиёж 60 фоизга ошиб кетади. Демак, уни етиштириш учун янада кўпроқ тоза сув талаб этилади. Аммо бу талабни қондириш тобора қийинлашмоқда.

Қишлоқ хўжалигига оид яна бир муаммо — бу давлат субсидияларидир. Ҳар йили бутун дунёда қишлоқ хўжалиги ва сув таъминоти учун 600 миллиард доллардан ортиқ маблағ йўналтирилади. Мутахассислар айтишича, бу каби ёрдам кўп ҳолларда салбий экологик оқибатларга олиб келади. Масалан, гўёки ривожланишга кўмак бериш мақсадида дунёда энг кўп сув талаб қилувчи гуруч, пахта ва шакарқамишини етиштиришга субсидиялар ажратилиши, айнан энг қурғоқчил ҳудудларда ана шу экинларни етиштиришни рағбатлантиради. Бу эса сув танқислигини янада кучайтиради.
Кўпинча бир мамлакатдаги қишлоқ хўжалиги субсидиялари бошқа мамлакатда тропик ўрмонларни кесиб ташлашга олиб келади. Масалан, АҚШда чорвачиликни қўллаб-қувватлаш соя экинларига бўлган талабни оширади ва бу Бразилияда ўрмонларни кесишга олиб келади, чунки айнан шу соя донлари чорва учун ем-хашак сифатида ишлатилади.
Қишлоқ хўжалигидан кейинги иккинчи йирик сув истеъмолчиси — бу саноат сектори. У дунёдаги барча ичимлик сувининг 20 фоизини сарфлайди. Саноат корхоналари сувни тозалаш ва қайта ишлатиш орқали ундан оқилона фойдаланиши мумкин эди. Аммо амалда саноат чиқиндиларининг 80 фоизи ҳеч қандай тозалашдан ўтмасдан чиқариб юборилади ва ишлаб чиқариш айланмасига қайтарилмайди.
Натижада ҳар йили сув манбаларга 300–400 миллион тонна оғир металллар, эритувчилар, заҳарли лой ва бошқа турдаги саноат чиқиндилари тушади.
Ёндашишлардан яна бири — коммунал ва маиший эҳтиёжлар учун фойдаланиладиган тоза сув. Бу ҳар йили мавжуд ичимлик сувининг 12 фоизини ташкил этади. Яъни, биз ҳар куни уйда ва шаҳар инфратузилмасини сақлашда ишлатаётган сув. Ҳозирда дунё аҳолисининг 55 фоизи шаҳарларда яшайди, 2050 йилга бориб бу кўрсаткич 70 фоизга етади. Бироқ кўплаб шаҳарлар ҳозирнинг ўзида ифлос сувни тозалаш ва қайта ишлаш имкониятига эга эмас. Масалан, 2022 йилда бутун дунё бўйлаб маиший канализация сувининг 42 фоизи ҳеч қандай хавфсиз тозалашларсиз табиатга чиқарилган. Бунга асосий сабаб — хонадонларда канализация ва септик тизимларнинг йўқлиги. Қолаверса, маиший чиқиндилар глобал иссиқхона газлари чиқиндисининг 3–7 фоизини ташкил этади.
Йўқолган денгиз
Орол денгизи сув ресурсларидан нотўғри фойдаланиш қандай қилиб экологик фожиа ва иқтисодий инқирозга олиб келишини кўрсатувчи рамзга айланган. 2014 йилда Британиянинг Pink Floyd гуруҳи Louder than Words қўшиғига клип чиқарган, у айнан Орол ҳақида эди. Клипнинг бош қаҳрамонлари — маҳаллий аҳолининг икки авлоди вакиллари бўлиб, улардан бири Орол денгизининг ҳали мавж уриб ётган даврини эслайди, иккинчиси эса фақат саҳрода яшаган, бир пайтлар сув бўлган жойда фақат қуруқликни кўрган.
Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида жойлашган Орол денгизи ўтмишда дунёдаги тўртинчи йирик ички кўл ҳисобланган. Унга сув икки йирик дарё — Амударё ва Сирдарёдан оқиб келган. Бу дарёлар эса узоқ тоғлардаги қор ва ёмғир сувлари ҳисобига тўлган. 1960-йилларда совет иттифоқи ушбу дарёлар сувини катта қишлоқ хўжалиги лойиҳалари, асосан пахта етиштириш учун суғориш мақсадида олиб кетишни бошлади. Бу эса Орол денгизининг қуришини бошлаб берди.
Дарёлардан мунтазам равишда сув олиниши ва минтақадаги узоққа чўзилган қурғоқчилик туфайли денгиз сатҳи қарийб 90 фоизга қисқарди. Бунинг оқибатида Оролқум деб аталувчи янги чўл пайдо бўлди. 1986 йилда денгиз икки қисмга — Жанубий ва Шимолий Оролга бўлинди. Шундан бири — Жанубий Арол ҳанузгача сўрилишда давом этмоқда. 2014 йилда денгизнинг шарқий қисми бутунлай йўқолди. Шимолий Оролни тиклаш учун тўғон қурилиб ва бошқа сувни сақлаш чоралари кўрилди, бироқ бутун минтақанинг экотизими аллақачон емирилган эди.

Орол денгизи маҳаллий иқлимни юмшатиб турарди. Унинг қуриши натижасида қишлар совуқроқ, ёзлар эса иссиқ ва қуруқ бўлиб қолди. Балиқчилик инқирозга юз тутди — бу эса ҳаёти балиқ овлашга боғлиқ бўлган маҳаллий жамоалар фаровонлигига қаттиқ таъсир қилди. Денгиз тубидан кўтарилаётган, қишлоқ хўжалиги кимёвий моддалари билан ифлосланган чанг инсон соғлиғига зарар етказмоқда ва суғориладиган ерларнинг шўрланишига сабаб бўлмоқда. Бу эса фермерларнинг ишини янада мушкуллаштирмоқда. Ёмғир миқдорининг кўпайиши ёки музликларнинг эриши ҳам энди Орол денгизи сувининг йўқотилишини бартараф эта олмади. Бу йўқотишлар айнан инсон фаолияти натижасида содир бўлди.
Оролнинг қуриши энг аввало Қозоғистон ва Ўзбекистонга таъсир қилди, чунки денгиз айнан улар ҳудудида жойлашган. Аммо уни тўйинтирувчи дарёлар яна тўрт мамлакат — Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон учун ҳам асосий трансчегаравий сув манбаи ҳисобланади. Бу мамлакатлар ҳам ўз навбатида жиддий муаммоларга дуч келмоқда. СССР парчаланганидан сўнг, улар қолган сув ресурслари учун ўзаро рақобатга киришди ва шу кунгача денгизни тиклаш бўйича умумий келишувга кела олмаяпти.
Нил учун уруш бўладими?
Бугунги кунда энг йирик сув муаммоларидан бири Нил дарёси ҳавзасида жойлашган давлатлар ўртасида юз бермоқда. Аҳоли сонининг ўсиши, ёмғирлар тартибининг ўзгариши ва иқтисодий ривожланишга интилиш туфайли Нил суви биринчи навбатда Миср ва Судан учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб қолган — бу минтақадаги энг йирик сув истеъмолчиларидир. Шу билан бирга, Нил сувининг 85 фоизи Эфиопия тоғликларидан келади. Аммо сувга бой ва катта гидроэнергетик салоҳиятга эга бўлган Эфиопияда ҳатто сўнгги пайтгача аҳолининг 83 фоизи электр энергиясига эга эмас эди, 94 фоизи эса овқат тайёрлаш ва уйини иситиш учун ҳали ҳам ёқилғи сифатида ёнғоқ дарахт ёғини ишлатарди.
Вазиятни ўзгартириш мақсадида 2011 йили Эфиопия ҳукумати Нилнинг ўнг йўналишидаги тармоғи — Кўк Нилда «Эфиопиянинг буюк қайта тирилиш тўғони»ни қуриш режаларини эълон қилди. Деярли 5 млрд долларга баҳоланган ва 5000 MW қувватга эга бу гидроэлектростанция Африкадаги энг йириги бўлиши ва нафақат эфиоплар, балки Африка Шарқидаги барча халқлар — Жибути, Эритрея ва Сомали аҳолисини ҳам электр билан таъминлаши кўзда тутилган эди. Тўғон 2020 йили тўлдирила бошланди ва 2022 йилда аллақачон ток ишлаб чиқараётган эди. 2024 йилнинг охирига келиб умумий ишлаб чиқариш 1550 MWга етди.

Эфиопия ушбу режаларини эълон қилгани замоноқ, Миср бунга кескин қарши чиқди. Қоҳира бу борада 1929 ва 1959 йиллардаги сув битимларига таяниб, унга кўра Миср Нил сувининг учдан икки қисмига эга ва дарёнинг юқори оқимидаги ҳар қандай лойиҳани вето қилиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади. Аммо Эфиопия бу ҳуқуқни инкор қилди, чунки у ушбу битимларда қатнашмаган — Миср ўз вақтида уларни Британия билан, унинг мустамлакаси сифатида имзолаган эди. Қоҳирани энг кўп хавотирга солган масала сув омборини тўлдириш жараёни бўлди. Ҳукумат тўғон сув миқдорини қисқартиради, деб қўрқди. Натижада, Мисрда шоли экиш учун ажратилган ер майдонлари икки баравар қисқартирилди.
Кўп ўтмай, Миср, Эфиопия ва Судан сув ресурслари бўйича музокараларга киришди. 2012 йил март ойида Судан президенти тўғон қурилишини қўллаб-қувватлади. Миср эса ўз позициясида қатъий қолди ва 2014 йилда музокаралардан чиқиб кетди — сабаби сифатида Эфиопиянинг келишувга тайёр эмаслигини кўрсатди. Кейинроқ АҚШ воситачилигида музокаралар қайта тикланди, аммо улардан ҳеч қандай натижа чиқмади.
2020 йил октябрда АҚШ президенти Доналд Трамп очиқ-ойдин шундай деди: «Жуда хавфли вазият юзага келяпти, чунки Миср бундай шароитда яшай олмайди… Улар бу тўғонни портлатишади». Бунга жавобан Эфиопия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ президентини урушга даъват қилишда айблади. Шунингдек, 2021 йилда Суданда ҳокимият ўзгариши билан бирга расмий риторика ҳам ўзгарди — расмийлар «сув уруши» ҳақида очиқ гапира бошлашди.
2025 йил 9 сентябрь куни Эфиопия ҳукумати расман тўғонни очди. Бу эса қўшнилар билан муносабатларда кескинликни янада оширди. Миср ташқи ишлар вазири сув хавфсизлигини «қизил чизиқ», тўғонни эса давлат учун «экзистенциал таҳдид» деб атади. Бироқ мутахассислар фикрича, Миср ёки Судан тўғонни портлатишга уринишмайди — бу улар учун худкушлик билан баробар бўлади, чунки сув омборидан оқиб келадиган тўлқин иккала давлатни ҳам ҳалокатга олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, Эфиопия тўғон орқали Миср ва Суданга босим ўтказиш воситасига эга бўлди.

Эфиопия ҳақли равишда танқид қилиниб, халқаро дарё ҳисобланган Кўк Нилда тўғон қуриш тўғрисидаги қарорни бир томонлама қабул қилгани учун айбланади. Бу дарё бир нечта давлатларнинг ҳаётини таъминлаб туради. Эфиопия тўғон ёрдамида қўшни Жибути ва Кенияга электр энергиясини экспорт қилишни режалаштирмоқда. Яна бир эҳтимолий харидор — Яқин Шарқ давлатлари. Аммо бу йўлда энергия узатиш тармоқларини Қизил денгиз орқали ўтказиш керак бўлади. Эфиопия ўз иқтисодий салоҳиятини ривожлантиришни режалаштирган, бу эса шунга олиб келадики — эртами-кечми у қўшнилари билан келишиб олишига тўғри келади. Акс ҳолда, бу минтақада сув учун уруш муқаррар.
Аҳоли кўпаймоқда — ичимлик суви камаймоқда
1980-йиллардан бери дунёда сувдан фойдаланиш ҳажми йилига тахминан 1 фоизга ўсиб бормоқда ва бу ўсиш 2050 йилгача шунча суръатда давом этиши кутилмоқда. Бунга аҳоли сонининг ўсиши ва саноат эҳтиёжларининг ортиши сабаб бўлмоқда. Прогнозларга кўра, 2050 йилга келиб Ер юзида 9,7 миллиард одам яшайди. Демак, келаси 25 йилда инсоният сони деярли 1,5 миллиардга ошади. Бу эса кўпроқ ичимлик суви, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва бошқа маҳсулотлар учун сув талаб этилади дегани.
Бироқ NASA маълумотларига кўра, 2014 йил майидан буён Ердаги тоза ичимлик суви захираси кескин камайган ва ҳанузгача тикланмаган. 2002 йилдан бери агентлик томонидан кузатилган дунёдаги 30 та энг кучли қурғоқчиликдан 13 таси сўнгги 10 йил ичида содир бўлган. Умуман олганда, глобал тоза сув захираси қайта тикланиши мумкинми-йўқми — ҳали аниқ эмас. Аммо шунчаки фактнинг ўзи, яъни дунёдаги энг иссиқ ўн йиллик бир вақтнинг ўзида тоза сув захиралари камайиши билан тўғри келаётгани олимларни жиддий ўйга солмоқда.
NASA бу ҳолатни «асримизнинг асосий экологик муаммоси» деб атайди. Унинг ечими инсоният келажагини белгилаб беради.
2022 йилда Нидерландия ташаббуси билан сув ресурсларининг глобал иқтисодий аҳамиятини баҳолаш учун халқаро комиссия тузилди. Унинг натижаси сифатида 2024 йилда сув инқирозига бағишланган тарихдаги энг йирик тадқиқот эълон қилинди. Унда мутахассислар барча мамлакатларни сув ресурсларини бошқаришда ёндашувни кескин ўзгартиришга чақирди.
Аввало, тадқиқот муаллифлари фикрича, сув айланиши — умуминсоний бойлик эканини тан олиш зарур. Унга биргаликда эътибор ва ҳимоя керак. Масалан, бир мамлакат янги плантациялар учун ўрмонларни кесаётгани туфайли қўшни давлат ичимлик суви етишмовчилигига дуч келмаслиги керак. Шунингдек, табиий сув омборларини — ботқоқлар ва ер ости сувларини тиклаш лозим.
Давлатлар қишлоқ хўжалигини субсидиялашни босқичма-босқич камайтириши ва сув таъминоти тизимларидаги йўқотишларни чеклаши керак. Муаммонинг ечими сифатида сувдан самарали фойдаланишни таъминловчи сармоялар, сувни кам талаб қиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ўтиш, ўсимликларга сув ва ўғитни аниқ миқдорда, аниқ жойга ва керакли вақтда бериш технологияларини жорий этиш таклиф этилган. Шунингдек, саноат ва шаҳар канализация сувларини қайта ишлаш, ишлаб чиқаришда сувни такроран фойдаланиш ва унинг сарфи тўғрисида ҳисобот юритиш ҳам зарур.
Акс ҳолда, сув ресурслари бошқарувидаги бугунги ёндашув ўзгармаса, сув инқирозининг оқибатлари қайтариб бўлмас даражада бўлиши мумкин.

2018 йилда Венеция халқаро кинофестивалида режиссёр Виктор Косаковский «Акварел» номли ҳужжатли фильмини тақдим этди. Фильм 96 кадр/сония тезликда суратга олинган бўлиб, фақатгина техник жиҳозларига мос бўлган кинотеатрларда намойиш этилди. Муаллифнинг асосий ғояси — сув кайфияти ва шаклини барча жиҳатлари билан кўрсатиш эди. Косаковский ўз сўзларида: «Одамлар сув инқирози ҳақида гапирадиган навбатдаги фильмни суратга олиш менга қизиқ эмасди. Дунёда жуда кўп гап бор, лекин ҳеч ким эшитмайди», — деган эди.
Шунинг учун у сўзни сувнинг ўзига берди.
«Акварел»да одамлар деярли йўқ, борлари ҳам Байкал музликлари, Гренландия музларининг емирилиши, Майамини вайрон қилган «Ирма» бўрони ва Венесуэладаги ҳайратомуз Анхел шаршараси каби табиат манзаралари фонида жуда кичик ва ночор кўринади.
Фильм учун мусиқани фин мусиқачи ва Apocalyptica гуруҳи етакчиси Эйкка Топпинен ёзди. Лекин филмнинг бош ғоявий «овози» бу — сувнинг ўзи бўлди. Бу ҳужжатли фильмда глобал исиш ёки сув ифлосланиши ҳақида гап йўқ. Лекин уни кўрган киши учун сувнинг бетакрор гўзаллиги келаси ўн йилликларда абадий йўқолиб кетиши мумкинлиги ҳақида ўйламасликнинг иложи йўқ.