Аҳоли сонида олий маълумотлиларнинг (бакалавр ёки ундан юқори даража) даражаси фоизда энг кўп бўлган ТОП-25 давлат рўйхати эълон қилинди.
CBRE Research маълумотларига кўра, Ирландия аҳолисининг 52,4 фоизи бакалавр ёки ундан юқори даражага эга. Бу кўрсаткич бўйича Швейцария (46 фоиз) ва Сингапур (45 фоиз) кейинги ўринларни эгаллаган.
Буюк Британияда олий маълумотлилар улуши 43,6 фоизни ташкил этса, АҚШда бу кўрсаткич 40,3 фоизга тенг. Бироқ сон жиҳатидан Америка дунёдаги энг кўп олий маълумотли аҳолига эга давлат ҳисобланади — 78 миллион киши бакалавр ёки ундан юқори даражали таълимга эга.
Австралия, Исроил, Жанубий Корея, Швеция ва Тайван ҳам дунёнинг илғор билимли мамлакатлари қаторидан жой олган. Масалан, Жанубий Кореяда олий маълумотлилар улуши 39,4 фоизни ташкил этса, Австралияда 39,8 фоиз, Исроилда эса 39,7 фоизни ташкил этади.
Рўйхатдаги сўнгги ўринлар Франция (28,1 фоиз), Венгрия (28,5 фоиз) ва Испания (28,8 фоиз)га тўғри келган. Энг кам кўрсаткичли давлатлар ҳам аҳолисининг қарийб учдан бири олий маълумотли эканини кўрсатади, бу эса таълимнинг жаҳон бўйлаб аҳамияти тобора ортиб бораётганини англатади.