Эрон парламенти миллий валюта — риёл қийматини қайта ҳисоблаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Янги қарорга кўра, амалдаги пул бирлигидаги тўртта нол бекор қилинади ва 10 минг риёл 1 янги риёлга тенглаштирилади. Бу ҳақда мамлакатнинг давлат ахборот агентликлари хабар берди.
Парламентнинг навбатдаги мажлисида ўтказилган овоз бериш жараёнида 263 депутатдан 144 нафари «ҳа», 108 нафари «йўқ» деб овоз берган, 3 нафар депутат бетараф қолган. Шу тариқа, миллий валюта ислоҳотига оид қонун лойиҳаси кўпчилик овоз билан тасдиқланган.
Қонунга мувофиқ, Эроннинг янги пул бирлиги «риёл» деб номланади, унинг кичик бирлиги эса «қирон» сифатида белгиланди. Мавжуд 10 минг риёл айнан 1 янги риёлга тенг бўлади.
Янги валютага ўтиш жараёни энг кўпи билан уч йил давом этади. Шу муддат ичида мамлакатдаги эски банкноталар ва тангалар босқичма-босқич айланмадан чиқарилади. Марказий банк янги пул бирлигини жорий қилиш учун барча зарур иқтисодий ва техник чораларни кўради.
Иқтисодий кузатувчиларнинг фикрича, мазкур қадам миллий валюта барқарорлигини таъминлаш ва инфляция даражасини пасайтиришга қаратилган. Эронда сўнгги йилларда халқаро санкциялар ва ички иқтисодий қийинчиликлар натижасида риалнинг қиймати кескин пасайган эди.
Қайд этиб ўтиш керак, Эрон миллий валютаси риёл 1892 йилдан — шоҳ Ризо Паҳлавий давридан буён деноминация қилинмасдан муомалада мавжуд. Фақат 1982 йилда пул дизайни ўзгартирилган ва ағдарилган шоҳ Муҳаммадризо Паҳлавий сурати туширилган пуллар ўрнига Ислом инқилоби воқеалари ва шахслари тасвирланган янги пуллар муомалага чиқарилган.
Айни пайтда Эронда 1 АҚШ долларининг расмий курси 42 минг риёлга тенг. Қора бозордаги курс эса 1 млн 142 минг 500 риёл атрофида.