Al Hadath телеканалига таяниб, ТАСС агентлигининг хабар беришича, ҲАМАС ҳаракати қуролни БМТ раҳбарлиги остида тузиладиган махсус органга топширишга розилик билдирган. Манбанинг маълумотига кўра, мазкур орган фаластинлик ва мисрлик хавфсизлик кучларидан ташкил топади.
ҲАМАСдаги манба таъкидлашича, ҳаракат АҚШ президенти Доналд Трампнинг Ғазо бўйича режасини «имкон қадар тезроқ амалга ошириш» тарафдори ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, ташкилот қуролни тинчлик жараёнини илгари суриш мақсадида топширишга тайёр.
Манба таъкидлаганидек, Исроил бу режанинг амалга ошишига тўсиқ бўлмоқда, чунки мамлакат Ғазога нисбатан бомбардимонларни тўхтатишни хоҳламаётгани айтилмоқда. ҲАМАС эса расман бу маълумотларга изоҳ бермаган.
Аввалроқ ҲАМАС ҳаракати Ғазо сектори бошқарувини мустақил технократлардан иборат Фаластин қўмитасига топширишга розилик билдирган эди. Доналд Трамп ҳаракатни ҳокимиятни тинч йўл билан топширмаган тақдирда «йўқ қилиш» билан қўрқитган.
Халқаро кузатувчиларнинг фикрича, қуролни топшириш ҳақидаги баёнот агар амалга ошса, бу Ғазода сиёсий жараённи янги босқичга олиб чиқиши мумкин.