Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг расмий идораси Ғазо секторидаги вазиятни тартибга солиш бўйича музокаралар 6 октябр куни Шарм-эш-Шейхда ўтказилишини тасдиқлади. Маълумотга кўра, Исроил делегациясига стратегик режалаштириш вазири Рон Дермер раҳбарлик қилади.
«Бош вазир Бинямин Нетаняҳу Исроил музокарачилар делегациясини вазир Рон Дермер бошчилигида Мисрга юборишни буюрди. Делегация эртага Шарм-эш-Шейхга йўл олади», — дейилади ҳукумат баёнотида.
Аввалроқ Миср Ташқи ишлар вазирлиги 6 октябр куни Исроил ва ҲАМАС делегацияларини қабул қилишини маълум қилган эди. Музокаралардан асосий мақсад — Ғазодаги гаровда ушлаб турилган исроилликларни озод қилиш ва уларни Исроил қамоқларидаги фаластинлик маҳбуслар билан алмашиш шартларини муҳокама этишдир.
Эслатиб ўтамиз, ҲАМАС ҳаракати жума куни АҚШ президенти Доналд Трампнинг режасига мувофиқ, барча тирик исроиллик гаровдагиларни озод қилиш ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини топширишга тайёрлигини билдирган эди.
Шундан сўнг Доналд Трамп Исроилни Ғазо секторидаги зарбаларни дарҳол тўхтатишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, бу чора гаровдагиларни хавфсиз озод қилиш учун зарур. Нетаняҳунинг канцелярияси Исроил ҳукуматининг гаровдагиларни озод этиш бўйича Трамп режасининг биринчи босқичини амалга оширишга киришганини маълум қилди.
Аввалроқ ҲАМАС БМТ қошидаги Миср ва Фаластин хавфсизлик кучларидан иборат махсус органга қурол топширишга рози эканлиги ҳақида хабар берган эдик.