Минг оиласининг 16 аъзоси ўлимга ҳукм қилинди

10:32 | 7 дақиқада ўқилади.

Яна 11 нафарига умрбод қамоқ, қолган 12 нафарига эса 5 йилдан 24 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланди.

Bbc

Хитой Халқ Республикаси суди Мянмада фирибгарлик марказларини бошқарган машҳур оиланинг 11 нафар аъзосини ўлим жазосига, 5 нафарини икки йиллик кечиктирилган ўлим жазосига ҳукм қилди.

BBC га кўра, Минг оиласининг жами 39 нафар аъзоси жиноий фаолият олиб боришда айбдор деб топилган.

Минг оиласи Мянманинг Хитой чегарасига яқин жойлашган Лауккаинг шаҳарчасини бошқарган тўртта уруғдан бирига мансуб бўлиб, улар бу тинч ҳудудни қимор ўйинлари, гиёҳванд моддалар ва фирибгарлик марказларига айлантиришган.

Охир-оқибат, Мянма ҳукумати бу масалага жиддий ёндашиб, 2023 йилда мазкур оилаларнинг кўплаб аъзоларини ҳибсга олган ва уларни Хитой ҳуқуқ-тартибот идораларига топширган.

Хитой давлат телеканали CCTV хабар беришича, 2025 йил 29 сентябр куни шарқий Венчжоу шаҳрида Минг оиласининг жами 39 аъзосига ҳукм ўқилган. Ўлим жазосига ҳукм қилинган 11 нафар аъзодан ташқари, яна беш кишига икки йиллик муҳлат билан ўлим жазоси берилган; 11 киши умрбод қамоққа ҳукм қилинган; қолганлари эса беш йилдан 24 йилгача озодликдан маҳрум этилган.

Суднинг аниқлашича, 2015 йилдан бери Минг оиласи ва бошқа жиноий гуруҳлар телекоммуникация фирибгарлиги, ноқонуний қимор ўйинлари, гиёҳванд моддалар савдоси ва фоҳишабозлик каби жиноятлар билан шуғулланиб келган.

Суд маълумотларига кўра, уларнинг қимор ва фирибгарлик фаолияти 10 миллиард юандан (1,4 миллиард АҚШ доллари ёки 1 миллиард фунт стерлинг) ортиқ даромад келтирган.

Бошқа манбаларга кўра, тўртта оиланинг ҳар бирининг қиморхоналари ҳар йили бир неча миллиард долларлик маблағни айлантиргани тахмин қилинмоқда.

Суд, шунингдек, Минг оиласи ва бошқа жиноий гуруҳлар бир нечта фирибгарлик маркази ходимларининг ўлимига жавобгар эканини аниқлади. Жумладан, бир воқеада ишчиларнинг Хитойга қайтишига тўсқинлик қилиш мақсадида уларни отиб ўлдиришган.

Дастлаб Хитой ва бошқа кўплаб қўшни мамлакатларда тақиқланган қимор ўйинларига бўлган Хитой талабидан фойдаланиш мақсадида яратилган Лауккаинг казинолари вақт ўтиши билан пул ювиш, одам савдоси ва кўплаб фирибгарлик марказлари учун даромадли воситасига айланган.

БМТ бу ҳодисани «фириб пандемияси» деб атаган — бу ерда 100 мингдан зиёд хорижликлар, асосан хитойликлар, мажбурий меҳнат билан шуғуллантирилиб, бутун дунё бўйлаб қурбонларни нишонга олган мураккаб онлайн фирибгарлик операцияларини ўтказишга мажбурланган.

Минг оиласи бир пайтлар Мянманинг Шан штатидаги энг нуфузли оилалардан бири бўлиб, Лауккаингда камида 10 000 ишчини ушлаб турган фирибгарлик марказларини бошқарган. Уларнинг энг бадноми «Crouching Tiger Villa» деб аталган мажмуа бўлиб, у ерда ишчилар мунтазам равишда калтакланиб, қийноқларга дучор этилган.

«Икки йил олдин, исёнчи гуруҳлар иттифоқи ҳужум бошлади. Бу ҳужум натижасида Мянма ҳарбий кучлари Шан штатининг катта қисмидан чиқиб кетишга мажбур бўлди ва исёнчилар Лауккаинг шаҳрини назоратга олди. Бу гуруҳларга катта таъсир ўтказадиган Хитой мамлакати ҳужумга йўл очиб берган, деган тахминлар мавжуд эди», – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, оила бошлиғи Мин Сюечанг ўз жонига қасд қилган. Оиланинг бошқа аъзолари эса Хитой ҳокимиятига топширилган. Уларнинг баъзилари ўз қилмиша пушаймон бўлган.

Фирибгарлик марказларида ишлайдиган минглаб одамлар ҳам Хитой полициясига топширилган.

Хитой бу қарорлар орқали ўз чегарасидаги фирибгарлик фаолиятига қарши шафқатсиз курашишга қатъий эканлигини кўрсатмоқда. Пекиннинг босими туфайли Таиланд ҳам шу йил бошида Мянма билан чегарадаги фирибгарлик марказларига қарши чоралар кўришга мажбур бўлди.

Шунга қарамай, бу бизнес бутунлай йўқолмаган — у ҳозир Камбоджада фаол равишда давом этмоқда. Мянмада ҳам ҳали кенг тарқалган.