Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 апрелдаги 244-сон қарорига мувофиқ, жисмоний шахслар шахсий эҳтиёжи учун республикага қиймати қуйидаги миқдордан ошмаган товарларни божсиз олиб кириши мумкин:
Ҳаво транспорти орқали — 1000 АҚШ долларигача;
Темир йўл ва дарё орқали — 500 долларгача;
Автомобил ёки пиёда ўтиш пунктлари орқали — 300 долларгача.
Агар мобил қурилманинг қиймати белгиланган меъёрдан ошса, ортиқча қисми учун 30 фоиз миқдорида ягона божхона тўлови ундирилади. Шунингдек, 2025 йил 31 январдаги 55-сон қарорга асосан божхона кирим ордерини расмийлаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи (ҳозирда 103 минг сўм) миқдорида йиғим тўланади.
Қурилманинг божхона қиймати харид чеки, квитанция ёки бошқа тижорат ҳужжатлари орқали тасдиқланади. Агар бу ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, божхона органи товар қийматини мустақил белгилайди ва бунда электрон декларация базаси ҳамда ишлаб чиқарувчиларнинг расмий маълумотномалари, прайс-варақа ёки бюллетенларидан фойдаланади.
Масалан, «Iphone 17» русумли қурилма учун божхона қиймати фуқаро келган давлатдаги «Apple» компаниясининг расмий сайтида кўрсатилган нархлар асосида ҳисобланади. Шу сабабли қурилма нархи мамлакатлар кесимида фарқ қилиши мумкин.
Божхона қўмитаси маълум қилишича, «Iphone 17» қурилмалари энг кўп олиб кирилаётган давлатлар бўйича божхона қийматлари тўғрисидаги маълумотлар мунтазам равишда эълон қилиб борилади.