Россия армияси 4 октябр куни Украина ҳудудида янги ҳужумлар амалга оширди. Украина президенти Володимир Зеленский маълум қилишича, Суми областининг Шостка районидаги темирйўл вокзалига дронлар зарба берган ва натижада «ўнлаб одамлар» жароҳат олган. Улар орасида Шостка—Киев йўналишидаги поезд йўловчилари ва «Укрзалізниця» ходимлари ҳам бор.
Темирйўл компанияси маълумотига кўра, ҳужум чоғида кассир, бир неча йўловчи ва уч нафар бола жабрланган. Иккита поезд — Терешченск—Новгород-Северский йўналишидаги шаҳарлараро ҳамда Шостка—Киев поездлари шикастланган. Компания баёнотида «иккинчи зарба эвакуация вақтида электровозга берилгани» қайд этилган.
Зеленский ўз Телеграм саҳифасида бу ҳодисани «фуқароларга қарши террор», деб атади ва халқаро ҳамжамиятни Москвага босимни кучайтиришга чақирди.
Суми областидаги «Сумиоблэнерго» маълумотига кўра, Шостка ва яқин районларда ҳужумдан кейин кенг кўламли электр узилишлари — блэкаут содир бўлган. Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотига кўра, Россия армияси Охтир ва Краснопил районларига ҳам зарба берган, 11 та хусусий уй ва бир нечта хўжалик бинолари вайрон бўлган.
Шу билан бирга, кечаси Чернигив области ҳам Россия дронларидан зарба олди. «Чернигивоблэнерго» маълум қилишича, ҳужум натижасида бир нечта муҳим энергия объектлари шикастланган ва тахминан 50 минг фойдаланувчи электрсиз қолган. Областда уч соатлик электр таъминоти ва уч соатлик узилиш режими жорий этилган. Област раҳбари Вячеслав Чауснинг сўзларига кўра, Россия армияси умумий ҳисобда 15 та аҳоли яшаш пунктини, жумладан Чернигов шаҳарини ҳам нишонга олган.
Россия ҳам Чернигив областидаги зарбаларни тасдиқлади. РИА Новости агентлигига кўра, ҳужумлар «энергия тугунлари ва ҳарбий мақсадда ишлатилаётган омборларга» қаратилган. Россия бу орқали Украина армиясининг захира кучларини етказиб бериш йўлларини бузишни мақсад қилганини айтган.
Украина ҳаво кучлари маълумотича, 4 октябр тонгигача Россия Украинага 109 турли типдаги дрон ва «Искандер» тизимидан учта баллистик ракета учирган. Соат 09:00 га келиб, Украина мудофаа тизими 73 та дронни йўқ қилишга муваффақ бўлган.