OPEC+ мамлакатлари ноябрдан бошлаб нефт қазиб чиқариш ҳажмини кунига 137 минг баррелга оширишга келишди. Бу ҳақда ташкилот расмий пресс-релизи да маълум қилинди. Қарор 2023 йил апрелида эълон қилинган кунига 1,65 млн барреллик ихтиёрий қисқартириш доирасида амалга оширилади. Ҳужжатга кўра, ушбу миқдор бозор шароитига қараб қисман ёки тўлиқ тикланиши мумкин.
Reuters агентлигининг ёзишича, қазиб чиқаришни ошириш ташаббуси Россия томонидан илгари сурилган. Саудия Арабистони эса 274 минг, 411 минг ва 548 минг барреллик янада катта вариантларни таклиф этган. OPEC маълумотида таъкидланишича, қарор дунё иқтисодиётининг барқарор прогнозлари ва нефт бозоридаги қулай конъюнктура шароитида қабул қилинган. Бу ҳолат нефт захираларининг паст даражада эканини ҳам акс эттиради.
Ташкилот маълумотларига кўра, ноябр ойида Россия ва Саудия Арабистони ҳар бири кунига 41 минг баррелга, Ироқ 18 минг, БАА 12 минг, Кувайт 10 минг, Қозоғистон 7 минг, Ўмон 4 минг ва Жазоир 4 минг баррелга қазиб чиқаришни оширади. Коррекциядан кейин Россия учун квота кунига 9,532 млн, Саудия Арабистони учун 10,061 млн, Ироқ учун 4,255 млн, Кувайт учун 2,569 млн, БАА учун 3,399 млн, Қозоғистон учун 1,563 млн, Ўмон учун 808 минг ва Жазоир учун 967 минг баррел даражасида белгиланади.
Маълумки, OPEC+ алянси дунёдаги етакчи нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ва уларнинг ҳамкорларини бирлаштиради. Бу тузилма дунё бўйича ишлаб чиқарилаётган умумий нефть ҳажмининг тахминан ярмини таъминлайди. 2023 йил апрелида уюшма бозорни барқарорлаштириш мақсадида қазиб чиқаришни ихтиёрий равишда қисқартирган эди, 2025 йилдан эса босқичма-босқич оширишни бошлади.
Аввалроқ якшанба куни бўлиб ўтадиган OPEC+ йиғилишида Саудия Арабистони нефт қазиб олишни кескин оширишни талаб қилмоқчи экани, Россия эса санкциялар сабаб эҳтиёткорликка чақираётгани ҳақида хабар берилган эди.