4 октябр куни Гуржистондаги муниципал сайловлар фонида Тбилиси шаҳрида норозилик намойишлари бошланди. Кечқурун улар полиция билан тўқнашувга айланди. Намойишчиларнинг бир қисми президент саройига кириб боришга урингани маълум қилинди.
Руставели проспектида соат 16:00 да бошланган митингда қатнашчилар йўлни тўсиб, парламент биноси олдида тўпланишди. Paper Kartuli нашрининг ёзишича, гуруҳлар Чавчавадзе проспектидан парламентгача юриш ўтказиб, йўлда ҳукмрон партия «Гуржистон орзуси» бош котиби ва Тбилиси мэри Каха Каладзенинг штаби олдида тўхташган. Кечки етти атрофида бир неча ўнлаб намойишчилар Орбелиа қароргоҳи ҳовлисига кириб боришга уринишди, тўсиқни бузиб, қўриқчиларга ҳужум қилишди. Полиция ва махсус кучлар уларни кўз ёшартирувчи газ ёрдамида тарқатди. News Georgia маълумотига кўра, ҳужумда қатнашган баъзилар яхши жиҳозланган ва бронежилет кийган бўлган.
Гуржистон собиқ президенти Саломе Зурабишвили ҳам намойишчиларнинг бу ҳаракатларни кескин қоралади. Унинг таъкидлашича, «президент саройини босиб олишга уриниш — бу 310 кунлик тинч намойишларни беқарорлаштиришга қаратилган ҳаракат». «Эхо Кавказа» агентлиги ёзганидек, у фуқароларни тинч йўл билан норозиликни давом эттиришга чақирди.
Президент резиденцияси атрофида тўқнашувлар давом этар экан, полиция намойишчиларни тарқатиш учун сув пурковчи машиналарни ишлатди. Ҳукумат сарой олдига қўшимча махсус кучлар жўнатди. Полиция аҳолини тарқалишга чақирган, аммо намойишчилар тош отиш билан жавоб қайтарган. Ички ишлар вазирлиги акция қонун доирасидан чиққанини билдириб, «зарур чоралар кўрилиши»ни маълум қилди.
Бундан аввал Озодлик майдонида акция ташкилотчиларидан бири — опера хонандаси ва мухолифатчи сиёсатчи Паата Бурчуладзе «ҳокимит халқ қўлида», деган декларацияни ўқиб эшиттирган. У билан бирга «Миллий ҳаракат» сиёсий кенгаши раиси Муртаз Зоделава ҳам сўзга чиқиб, «халқ ўз қўлига президент резиденциясининг калитини олиши керак», дея чақириқ қилган.
Шу куни мамлакатда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш сайловлари бўлиб ўтди. Мухолифат, жумладан собиқ президент Михаил Саакашвилининг «Миллий ҳаракат» партияси сайловни бойкот қилди. Сайловларда Тбилиси, Кутаиси, Батуми, Рустави ва Поти шаҳарларининг мэрлари ҳамда 59 муниципалитет раҳбарлари ва маҳаллий депутатлар сайланмоқда.