Сенатор Тошкент ҳокимидан «Эски Тоштурма» ҳудудидаги фармойиш ижросини сўради
Эски Тоштурма ўрнига хиёбон қурилишига оид Ҳукумат фармойиши бажарилмагани юзасидан сенатор Сайёра Абдикаримова Тошкент ҳокими Умурзоқовга сўров йўллади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 мартдаги 220-ф-сонли фармойишига асосан, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани, Наманган кўчаси 1-уй манзилида жойлашган собиқ 1-сонли тергов ҳибсхонаси — «Эски Тоштурма» ҳудуди шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилган эди. Ҳужжатга мувофиқ, бу ерда замонавий дам олиш маскани — хиёбон қуриш вазифаси белгиланган.
Бироқ ортидан етти йил ўтишига қарамай, фармойишда кўзда тутилган вазифалар ижроси тўлиқ таъминланмаган. Ҳозирда ҳудуд қаровсиз ҳолатда қолгани, айрим хусусий қурилиш компаниялари эса ер майдонидан шахсий манфаатларда фойдаланишга уринаётгани аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Шу муносабат билан Сенатнинг Агросаноат, сув хўжалиги ва экология масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдикаримова Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов номига расмий сўров йўллади. Унда сенатор ҳокимдан ҳудуднинг ҳозирги аҳволи, фармойиш ижросининг кечикиши сабаблари ва хиёбон қурилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида асосли маълумот тақдим этишни сўраган.
Қорақалпоғистонда йўловчи поезд юк машинаси билан тўқнашди
Қорақалпоғистонда йўловчи поезд юк машинаси билан тўқнашди. Ҳолат юзасидан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, ҳодиса бугун, 6 октябр куни соат 15:31 да Тўрткўл ва Элликқалъа станциялари ўртасидаги 531-километрда жойлашган қўриқланмайдиган темирйўл кесишмасида содир бўлган. «Қўнғирот ‒ Андижон» йўналишидаги 128-сонли йўловчи поезди «КамАЗ» русумли юк машинаси билан тўқнашиб кетган. Юк машинаси темирйўл кесишма сигнал белгиларига қарамасдан ҳаракатланган.
Машина ҳайдовчиси шифохонага жўнатилган. Йўловчи поездида 216 нафар йўловчи бўлиб, уларнинг соғлиғига зарар етмаган. Тепловоз поездни олиб кетолмаслиги сабабли ЎзТE16М2 русумли 025 сонли тепловоз соат 16:15 да воқеа жойига жўнатилган.
Ўзбекистонда сунъий интеллект ривожи учун 50 млн доллар ажратилди
Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш учун 2030 йилгача мўлжалланган стратегия қабул қилиниб, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалардаги лойиҳаларга 50 млн доллар ажратилди. Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги тақдимотда инфратузилмани янгилаш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва давлат хизматларини рақамлаштириш бўйича устувор вазифалар белгиланди. Мамлакат халқаро рейтингда 70-ўринга кўтарилиб, Марказий Осиёда етакчи ўринни эгаллади.
Ҳозирда соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва молияга оид 86 та СИ лойиҳаси ишлаб чиқилган, суперкомпьютер кластери яратилмоқда. Кадрлар тайёрлаш доирасида «Бир миллион сунъий интеллект лидерлари» дастури жорий этилган бўлиб, онлайн курслар, хакатонлар ва маҳаллий иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.
ИИБ фитнаси: Фарғонада ИИБ ходимлари аёлни ечинтириб, ёлғон ариза беришга мажбурлади
Фарғона вилоятининг Фурқат туманида ишлайдиган мактаб директори Гулираъно Қосимова Фурқат тумани Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг туман солиқ инспекцияси бошлиғига қарши уюштирган жиноий томошаси қурбонига айланди. Бу ҳақда унинг ўзи гапириб берди.
Гулираъно Қосимованинг айтишича, у аварияга учраган турмуш ўртоғининг жарроҳлик амалиёти учун қарз сўраб жорий йил апрелида ўз таниши, туман солиқ идораси бошлиғи Қурбонали Абдураҳмоновнинг олдига борганида, ИИБ саҳналаштирган тузоққа тушган. Тўсатдан пайдо бўлган ИИБ тезкор ходимлари Қосимова ва Абдураҳмоновни уриб, қип-яланғоч қилиб ечинтиришган.
«Юсуф камерага олиб турибди, Соҳиб айтяпти: давай, камерага қарайсан, солиқнинг бошлиғи ҳозир мени мана шу ерга мажбурлаб олиб кириб, уриб, жинсий муносабатда бўлди, деб айтиб берасан. Мен ҳайронман, ақлим етмаяпти нега ундай нарсани талаб қилаётганига. Мен бош тортдим. У мени уришда давом этди. Тоҳир сочимдан тортиб камерага олиб келиб беряпти. Соҳиб бошимга уряпти, бориб деворга тегиб қайтиб келяпман, оёғимга тепяпти. «Шундай гапириб берасан», деб телефонлари билан уряпти. «Пауза қил!» дейди, камерани пауза қилганда, Соҳиб уради», – дейди Қосимова.
Қосимовага унинг яланғоч ҳолатда ИИБ ходимлари томонидан олинган видеолари тарқатилиши билан таҳдид қилинган.
Равшан Эрматов Каннаваро 4 млн евро олиши ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритди
Аввалроқ, Россиянинг «Спорт-Экспресс» нашри Ўзбекистон миллий футбол терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган Фабио Каннаваронинг мураббийлар штаби маоши йилига 4 миллион еврогача бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бугун, 6 октябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида мазкур хабарларга ойдинлик киритди.
«Ҳозир матбуотда маош ҳақида кўп гап-сўзлар пайдо бўлди: кимдир 4 миллион [евро], кимдир бошқа суммаларни ёзмоқда. Аслида бу ярмининг ярми ҳам эмас. Агар Ўзбекистон футбол ассоциациясида шундай молиявий имкониятлар бўлганида, биз умуман бошқача йўл тутган бўлардик. Аммо биз реал ресурсларимиздан келиб чиқиб, энг мақбул вариантни танладик», – деди у.
ЎФА биринчи вице-президентининг сўзларига кўра, этика нуқтаи назаридан иккала томон ҳам шартнома тафсилотларини ошкор қилмасликка келишиб олган.