2025 йил сентябрь ойида дунё бозорларида қўйгўштнинг ўртача нархи 6,9 доллар ёки тахминан 83 600 сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Жаҳон банки хабар бермоқда.
Август ойига нисбатан нархлар 0,6 фоизга, 2024 йилга нисбатан эса қарийб 10 фоизга ошган. Мутахассислар бу ҳолатни инфляция, мол гўштига бўлган жаҳон миқёсидаги талабнинг ўсиши, хусусан АҚШ ва Хитой истеъмол бозорларида фаолликнинг ортгани билан изоҳлашмоқда. Шунингдек, сут маҳсулотлари нархининг ўсиши ҳам гўшт бозоридаги босимни кучайтирган.
Таҳлилчилар таъкидлашича, нархлар ўсишига иқлим ўзгариши ва қурғоқчиликнинг кучайиши ҳам таъсир қилмоқда. Яйлов майдонларининг қисқариши, чорва учун озуқа маҳсулотлари нархининг ошиши ҳам гўшт бозоридаги барқарорликни издан чиқарган.
Дунёдаги йирик гўшт ишлаб чиқарувчи давлатлардан бири бўлган АҚШда бу йил сигирлар сони 1951 йилдан бери энг паст кўрсаткични қайд этди. Бу эса жаҳон миқёсида таъминотнинг қисқариши ва нархларнинг янада ўсиши хавфини кучайтиради.
Мутахассислар фикрича, агар иқлимий ва иқтисодий омиллар яқин ойларда ўзгармаса, гўшт нархи 2026 йил бошида яна рекорд даражаларни қайд этиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ гўшт нархларининг дунё бўйлаб қимматлашиш сабаблари ҳақида маълумот берган эдик.