Электрон харид тизими орқали 5 трлн сўмлик маҳсулот сотиб олинди

15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил 1 октябр ҳолатига кўра, электрон харид далолатномалари орқали умумий овқатланиш ва экспорт компаниялари жисмоний шахслардан жами 5 трлн сўмга яқин қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиб олди. 

Elektron to'lov

Давлат солиқ қўмитаси маълум қилишича, 369 та умумий овқатланиш корхонаси жисмоний шахслардан 184 турдаги маҳсулотни 162,5 млрд сўмга харид қилган. Улар орасида энг кўп талаб қилинаётган маҳсулотлар — 552 тонна мол гўшти (50,6 млрд сўм), 158 тонна қўй гўшти (20,3 млрд сўм), 344 тонна гуруч (8,4 млрд сўм) ва 580 тонна помидор (8 млрд сўм) бўлган.

Шу билан бирга, 353 та экспортёр ташкилотлар 96 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жами 4,7 трлн сўмдан ортиқ қийматда харид қилган. Экспорт учун энг талабгор маҳсулотлар — 52,3 минг тонна шафтоли (657,7 млрд сўм), 44,9 минг тонна узум (588,3 млрд сўм), 22,8 минг тонна гилос (578,2 млрд сўм) ва 24,1 минг тонна қуритилган мевалар (439,4 млрд сўм) ҳисобланади.

Электрон далолатномаларни жорий этиш ҳужжат айланмасини соддалаштириб, тадбиркорлар учун қўшимча қулайлик яратди. Энг муҳими, бу механизм бозорда ошкораликни таъминлаб, даромадларни легаллаштириш ҳамда аграр соҳада рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январ—август ойларида Ўзбекистон фуқароларига жами 976 мингта харид чеки бўйича 906,6 млрд сўм миқдорида кэшбек қайтарилди.