ИИБ фитнаси: Фарғонада ИИБ ходимлари аёлни ечинтириб, ёлғон ариза беришга мажбурлади

20:41 | 10 дақиқада ўқилади.

Фарғона вилоятининг Фурқат туманида ишлайдиган мактаб директори Гулираъно Қосимова Фурқат тумани Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг туман солиқ инспекцияси бошлиғига қарши уюштирган жиноий томошаси қурбонига айланди. Бу ҳақда унинг ўзи Kun.uz’га гапириб берди.

Iib

Гулираъно Қосимованинг айтишича, у аварияга учраган турмуш ўртоғининг жарроҳлик амалиёти учун қарз сўраб жорий йил апрелида ўз таниши, туман солиқ идораси бошлиғи Қурбонали Абдураҳмоновнинг олдига борганида, ИИБ саҳналаштирган тузоққа тушган. Тўсатдан пайдо бўлган ИИБ тезкор ходимлари Қосимова ва Абдураҳмоновни уриб, қип-яланғоч қилиб ечинтиришган.

«Юсуф камерага олиб турибди, Соҳиб айтяпти: давай, камерага қарайсан, солиқнинг бошлиғи ҳозир мени мана шу ерга мажбурлаб олиб кириб, уриб, жинсий муносабатда бўлди, деб айтиб берасан. Мен ҳайронман, ақлим етмаяпти нега ундай нарсани талаб қилаётганига. Мен бош тортдим. У мени уришда давом этди. Тоҳир сочимдан тортиб камерага олиб келиб беряпти. Соҳиб бошимга уряпти, бориб деворга тегиб қайтиб келяпман, оёғимга тепяпти. «Шундай гапириб берасан», деб телефонлари билан уряпти. «Пауза қил!» дейди, камерани пауза қилганда, Соҳиб уради», – дейди Қосимова.

Қосимовага унинг яланғоч ҳолатда ИИБ ходимлари томонидан олинган видеолари тарқатилиши билан таҳдид қилинган.

«Гапимизга қулоқ солмасанг эрингга хотинингни ушлаб олдик, деймиз дейишди. Айтавер, экспертиза қилдирасан, ҳақиқатдан жинсий алоқа қилган бўлсам, бўйнимга қўйиб берасан, дедим. Кейин улар ноиложликдан эримни чақиртиришди-да, англашилмовчилик бўлибди, ҳаммаси жойида деб қайтариб юборишди», – дея ҳикоя қилди бошидан ўтганларни аёл.

Бир неча ИИБ ходимлари иштирок этган бу жиноий амалиёт ортида Фурқат тумани ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаевнинг ўзи турган. Бошқармада аёл билан учрашган Хўжаев ўз ходимлари томонидан англашилмовчилик бўлганини айтиб, Қосимовадан бу воқеани ошкор этмасликни тайинлаган. Бироқ, аслида унинг ходимлари қўлидаги яланғоч видеолар тарқатилишига ишора қилган.

«ИИБ тезкор ходимлари аввалдан сценарий тузишган, солиқнинг бошлиғи мени мажбурлаб жинсий муносабатда бўлди, деб ёзиб беришимни кутишганди. Уларнинг асл мақсади солиқ «каттаси»ни ишдан бўшатиш ва қамаш бўлган. Лекин ходимлар мақсадига эриша олмади. Мен улар хоҳлаган гапни айтиб бермадим», – дейди Қосимова.

Воқеа ортидан аёл ўз жонига қасд қилиб, касалхонага тушди ва омон қолди. Унинг икки қизи ҳали мактабда ўқийди, ўғли эса боғчага боради. Ўзига келгач, Қосимова ИИБ ходимларининг ноқонуний ҳаракатларидан прокуратурага арз қилган.

Kun.uz’га кўра, айни пайтда Фурқат туман ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев лавозимидан озод этилган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Унга шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш, шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш, фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш, ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш (қалбакилаштириш) айбловлари эълон қилинган.

Аммо, нашрга кўра, бу воқеаларни уюштиришда ҳаммаслак бўлган собиқ ИИБ бошлиғининг ўринбосари ва аёлни таҳқирлаган тезкор ходимлар ҳали ҳам ўз лавозимларида ишлашда давом этмоқда. Аёлнинг таъкидлашича, унга ўз аризасини қайтариб олиш йўлида катта миқдорда пул таклиф қилинди ва у рози бўлмагач, ўзи ва фарзандлари ҳаётига таҳдидлар давом этяпти.

«Мени уриб таҳқирлаган тезкор қидирув ходимлари Соҳиб, Тоҳир, Юсуф, Аъзам ва Дилшод эди. Соҳиб, Юсуф, кейин бир ўринбосар бизни съёмка қилганди. У ерда болалар инспектори ҳам бор эди. Уч нафар профилактика инспектори, уч нафар тезкор қидирув ходими, бир нафар терроризмнинг бошлиғи Ғайрат исмли бола ҳам бўлган. Соҳиб ёмон сўзлар билан ҳақорат қилиб, уриб, жойимдан учириб юборган. Тоҳир сочимдан тортиб келиб, юзимни камерага қаратган. Ғазабни келтирадиган саҳнада. Тепамда тўртта эркак, тўртта ички ишлар ходими турибди. Мен илтимос, четроқ туринглар, ҳеч бўлмаса кийимимни кийиб олай, аёл кишиман деяпман. Улар йўқ, бу ерда шартни сен эмас, биз қўямиз дейишяпти. Тўртта эркак менга қараб турди, уларнинг кўз ўнгида кийиндим. Норози бўлаётганим, “шоу”ни “началник” ташкиллаштиряпти, ўринбосар унга кўмаклашяпти. Лекин уларнинг топшириғини бажарганлар-чи? Улар жавобгарликдан четда қолмоқда. ИИБ бошлиғи ва ўринбосари ўз қилмишини тан олди. Тегишли идоралардан мени шу кўйга солган барча ИИБ ходимларига қатъий чора кўришларини сўраб қоламан.

Бу воқеалардан кейин тегишли жойларга мурожаат қилдим. ИИБ бошлиғи Хўжаев ишдан кетди. Ўринбосарига айблов эълон қилинди. Энди тез кунларда суд бўлиши кутиляпти. Солиқ идорасининг бошлиғи айби йўқлиги учун ишига тикланди. Эндиликда эса Жасур исмли ўринбосар ишни бости-бости қилиш учун танишлари орқали 50 минг долларгача пул таклиф қиляпти. Акмал Хўжаев ва Жасур Расулов дастлаб эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганди, лекин 15 млн сўм гаров эвазига қўйиб юборилган», – дейди аёл.

Гулираъно Қосимова уни дўппослаш ва таҳқирлашда қатнашган барча ходимларга қонун доирасида қатъий чора кўрилишини хоҳлашини айтган.

Фарғона вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, ҳолат бўйича прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари ўтказилиб, собиқ ИИБ бошлиғи ва масъул шахслар бўйича айблов иши мазмунан кўриш учун судга юборилган.