Нурафшон шаҳрида 7 октябрдан икки янги автобус йўналиши ишга тушади

15:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида фуқаролар қулайлиги учун икки янги автобус йўналиши йўлга қўйилади. Транспорт воситалари ҳар куни 06:00 дан 22:00 гача қатнайди.

Avtobus yangi

Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида 7 октябрдан бошлаб янги жамоат транспорти йўналишлари ишга тушади. Лойиҳа Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 5 ноябрдаги 384-сонли қарори асосида амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Янги автобус йўналишларининг асосий мақсади — аҳоли учун қулай, хавфсиз ва арзон транспорт хизматини таъминлашдир. Маршрутлар шаҳарнинг аҳолиси зич туманларини бир-бири билан боғлаб, йўловчилар ҳаракатини енгиллаштириши кутилмоқда.

Биринчи йўналиш — «Қорасув – Бургалик» маршрути бўлиб, шаҳарнинг муҳим маҳаллалари орқали ўтади. Иккинчи йўналиш эса «Макро» супермаркетидан бошланиб, Бобур кўчаси, Дегантепа маҳалласи ва Nurafshon City орқали ҳаракатланади.

Автобуслар ҳар куни соат 06:00 дан 22:00 гача қатнайди. Мутахассислар айтишича, йўналишлар аҳолининг кундалик эҳтиёжларига мос равишда шакллантирилган бўлиб, иш, таълим ва савдо марказларига тез етиб бориш имконини беради.