Ўзбекистонда сунъий интеллект ривожи учун 50 млн доллар ажратилди

16:15 | 4 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 6 октябр куни сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш ва уларни иқтисодиёт ҳамда ижтимоий соҳаларга жорий этиш масалалари бўйича тақдимот билан танишди.

Suniy

Тақдимотда инфратузилмани янгилаш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва соҳани комплекс ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгиланди. Сунъий интеллект бугунги кунда иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик каби муҳим йўналишларда самарадорликни ошириш воситасига айланмоқда. У давлат бошқарувини рақамлаштириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда бу соҳада тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада мамлакат сунъий интеллектни қўллаш бўйича халқаро рейтингда 17 поғона юқорига кўтарилиб, 188 давлат ичида 70-ўринни, Марказий Осиёда эса етакчи ўринни эгаллади.

Президент таъкидлаганидек, бу натижалар илк қадамлар самарасидир. Шу боис соҳани янада ривожлантириш мақсадида 2030 йилгача мўлжалланган «Сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси» тасдиқланган ва Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида махсус марказ ташкил этилган.

Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда СИ лойиҳаларини амалга ошириш учун 50 млн доллар маблағ ажратилган. Ҳозирда соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, экология ва молия соҳаларини қамраб олган 86 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Шу билан бирга, замонавий ҳисоблаш қувватларига эга суперкомпьютер кластери яратилмоқда.

Президент илғор тажрибани ўрганиш, хориждаги мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш зарурлигини қайд этди. Шунингдек, маълумотлар марказларини ривожлантириш ва инвесторлар учун қулай муҳит яратиш бўйича топшириқлар берилди.

Кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Таълим тизимида информатика ўқитувчилари малакасини ошириш, дарсликларни янгилаш ва янги авлод дастурларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. «Бир миллион сунъий интеллект лидерлари» миллий дастури доирасида aistudy.uz ва omp.aistudy.uz платформаларида бешта бепул онлайн курс йўлга қўйилди.

Шунингдек, вилоятларда хакатонлар ташкил этилиб, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда. Президент мазкур режаларни қўллаб-қувватлаб, уларни янада такомиллаштириш ва соҳада кадрлар салоҳиятини кучайтириш бўйича топшириқлар берди.