Равшан Эрматов Каннаваро 4 млн евро олиши ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритди

21:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Италиялик мутахассис Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи сифатида икки йил фаолият юритадиган бўлди.

ErmatovФото: Stadion.uz

Аввалроқ, Россиянинг «Спорт-Экспресс» нашри Ўзбекистон миллий футбол терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган Фабио Каннаваронинг мураббийлар штаби маоши йилига 4 миллион еврогача бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бугун, 6 октябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида мазкур хабарларга ойдинлик киритди.

«Ҳозир матбуотда маош ҳақида кўп гап-сўзлар пайдо бўлди: кимдир 4 миллион [евро], кимдир бошқа суммаларни ёзмоқда. Аслида бу ярмининг ярми ҳам эмас. Агар Ўзбекистон футбол ассоциациясида шундай молиявий имкониятлар бўлганида, биз умуман бошқача йўл тутган бўлардик. Аммо биз реал ресурсларимиздан келиб чиқиб, энг мақбул вариантни танладик», – деди у.

ЎФА биринчи вице-президентининг сўзларига кўра, этика нуқтаи назаридан иккала томон ҳам шартнома тафсилотларини ошкор қилмасликка келишиб олган.