Қўшработ туманида илк бор ташкил этилган «Майиз сайли» фестивалида Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев, қатор вазирлик ва идоралар вакиллари, маҳаллий ва хорижий меҳмонлар, ОАВ ва кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбир доирасида қишлоқ хўжалиги кўргазмалари, майизчиликка бағишланган анжуман ва конференциялар ташкил этилди. Очилиш маросимида сўзга чиққан Адиз Бобоев Самарқанд майизининг нуфузи, халқимизнинг боғдорчилик анъаналари, ҳосилдор узум навларини кўпайтириш ва токзорларнинг суғориш тизимини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Маълум қилинишича, ўтган йили Самарқанд вилояти боғбонлари 663 минг тонна узум етиштирган бўлса, жорий йил бу кўрсаткич 700 минг тоннага етиши кутилмоқда. Йилнинг биринчи ярмида эса 2 минг тонна узум ва 34,2 минг тонна майиз маҳсулоти экспорт қилинган.
Ҳозир Қўшработ туманидаги деҳқон ва томорқа хўжаликлари 7 минг гектардан ортиқ ер майдонида узум етиштирмоқда. Бу токзорлардан ҳар йили 50–55 минг тонна ҳосил олинади ва унинг катта қисми майизга айлантирилади.
«Майиз сайли»да Адлия вазири Акбар Тошқулов иштирок этиб, вилоят раҳбари Адиз Бобоевга «Самарқанд майизи» географик кўрсаткичи давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақидаги ҳужжатни ҳамда Қўшработ тумани ҳокимига «Қўшработ майизи» товар белгиси расман рўйхатдан ўтгани ҳақидаги гувоҳномани топширди.
Шунингдек, фестивалда фаол иштирок этган туманлар фермер ва деҳқонлари, томорқа хўжаликлари вакилларига вилоят ҳокимлиги томонидан турли номинациялар бўйича ташаккурномалар тақдим этилди.
Аввалроқ давлат реестрига «Самарқанд нони», «Самарқанд нўхатшўраги» ва «Самарқанд қоғози» каби географик кўрсаткичлар ҳам киритилган эди. Энди «Самарқанд майизи» ҳам мамлакатнинг миллий брэндларидан бири сифатида тан олинди.