Сенат Фарғонада таҳқирланган директор билан боғлиқ воқеани назоратга олди

22:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Олий Мажлис Сенати Фарғонада таҳқирланган мактаб директорига оид можароли ҳолатни назоратга олиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан қонуний чора кўришни талаб қилди.

Iib

Сенат Матбуот хизматининг маълум қилишича, сўнгги кунларда Kun.uz сайтида эълон қилинган «Омадсиз “тадбир” ёхуд бировга чоҳ қазисанг, ўзинг тушасан» сарлавҳали видеомақолада ёритилган воқеа Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинган.

Мазкур материалда Фарғона вилояти Фурқат туманидаги мактаб директори ва ички ишлар бошқармаси раҳбари билан боғлиқ можароли ҳолат ҳақида сўз боради. Видеомақола кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди ва ижтимоий тармоқларда катта резонанс уйғотди.

Сенат қўмитаси воқеа юзасидан қонунбузарлик аломатлари бўлиши мумкинлигини қайд этиб, ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қонуний қарор қабул қилиш юзасидан парламент назоратини ўрнатди.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси баёнотида таъкидланишича, парламент ҳар қандай қонунбузилиш ҳолатига нисбатан муросасиз бўлиб, хизмат ваколатларини суистеъмол қилиш ёки фуқаролар ҳуқуқини поймол этиш ҳолатларига қатъий чора кўрилишини талаб қилади.

Сенатор Малика Қодирхонова ҳам бу воқеа юзасидан фикр билдириб, тизимдаги камчиликлар ва қонунбузилишларга нисбатан қатъий баҳо бериш, масъул шахсларнинг жавобгарлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.