Сурияда Асад ағдарилгандан кейин илк парламент сайловлари ўтди, лекин барча вилоятларда эмас

09:03 | 4 дақиқада ўқилади.

Якшанба куни Сурияда Башар Асад ҳокимиятдан четлатилгандан кейинги илк парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда. Бироқ Раққа, Ҳасаке ва Сувайда вилоятларида хавфсизлик сабабли сайловлар вақтинча кечиктирилди.

Syria elections

Бу сайловлар узоқ йиллар давом этган кечикишлар ва уларнинг адолатлилиги бўйича шубҳалар фонида ўтмоқда. Янги тузилаётган Халқ Мажлиси қонунчилик органи вазифасини бажаради, бироқ унга тўғридан тўғри овоз бериш кўзда тутилмаган — 210 депутатнинг учдан икки қисми махсус «сайлов колегиялари» орқали танланади, қолганларини вақтинчалик президент Аҳмад аш-Шаръа тайинлайди.

Башар Асад ўтган йил декабрида 13 йиллик фуқаролик уруши ортидан исёнчи кучлар томонидан ағдарилганди. Ундан кейин мамлакатда ўтиш даври бошланиб, сиёсий тизим қайта қурилаётган эди. Бироқ мамлакатнинг уч вилояти — курдлар назоратидаги Раққа ва Ҳасаке ҳамда ҳукумат кучлари билан друз партизанлари ўртасида тўқнашувлар давом этаётган Сувайдада сайловлар хавфсизлик сабабли ўтказилмаяпти.

Аҳмад аш-Шаръа БМТ Бош Ассамблеясининг ўтган ҳафтадаги йиғилишидаги чиқишида Асад режими давридаги қон тўкиш ва жиноятлар учун жавобгарлик бўлади, деб ваъда берди. Унинг таъкидлашича, Сурия «янги давлат қуриш, барча фуқаролар ҳуқуқларини таъминлайдиган қонун ва институтлар яратиш йўлида тикланмоқда».

Сайловларни июнь ойида тайинланган 11 нафар аъзодан иборат Олий сайлов қўмитаси назорат қилмоқда. Сайлов округлари 2010 йилги аҳоли рўйхати маълумотларига асосланиб белгиланган, ўша вақтдан бери мамлакатдаги 600 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган ва 12 миллион киши уй-жойини тарк этган.

Ҳозирча 60 та округдан 50 тасида сайловлар ўтмоқда, уларда тахминан 120 депутат сайланади. Қолган 70 ўринни президент шахсан тайинлайди. Номзод сифатида 1500 дан ортиқ киши иштирок этмоқда, лекин Асад режими тарафдорлари ва террорчи ташкилотлар билан боғлиқ шахслар иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Аёллар улуши камида 20 фоизни ташкил этиши лозим, бироқ парламентда аёллар ёки этник ва диний озчиликлар учун алоҳида квоталар белгиланмаган.

Сентябрь ойида Суриянинг 14 та фуқаролик ташкилоти сайлов жараёнида президентнинг бевосита таъсири борлигидан хавотир билдирди. Улар баёнотида шундай дейилган: «Бундай тизим парламентни ижро ҳокимиятига бўйсундириб, халқ иродасини акс эттирмаслик хавфини туғдиради. Бу сайловлар, аслида, демократик моҳиятдан маҳрум рамзий жараён бўлиб қолмоқда».