Тим Кук келаси ой Apple раҳбарлигини тарк этиши мумкин — Bloomberg

18:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Нашр маълумотларига кўра, Тим Кук 65 ёши тўлганидан сўнг Apple бош директори лавозимини тарк этиб, компания бошқарувида маслаҳатчи сифатида қолиши мумкин.

Tim kuk

Bloomberg хабарига кўра, Apple бош директори Тим Кук келаси ой расман лавозимини топширади. Манбалар таъкидлашича, у компаниядаги фаолиятини тўхтатмасдан, бошқарув кенгаши раиси сифатида ишини давом эттириши мумкин.

Apple’да вақтинчалик бошқарувни янги операцион директор Сабиҳ Хан ва чакана савдо бўлими раҳбари Дейрдре О’Брайен амалга оширади. Шу билан бирга, компания янги бош директор номзодини танлаш жараёнини бошлади. Асосий даъвогар сифатида Apple’нинг аппарат технологиялари бўйича бош муҳандиси Жон Тернус кўрилмоқда.

Bloombergʼнинг ёзишича, аввалроқ Кукнинг ўрнини жорий бош операцион директор Жефф Уилямс эгаллаши кутилганди, аммо у ҳам бу йил лавозимини тарк этиш ниятида.

Тим Кук Apple’га 1998 йили қўшилган ва 2011 йилда компания асосчиси Стив Жобсдан сўнг бош директор лавозимини эгаллаган. Унинг раҳбарлиги даврида Apple Watch ва AirPods каби маҳсулотлар яратилган, компания капитализацияси эса рекорд даражаларга етган.

Жон Тернус 2021 йилдан буён Apple’нинг аппарат инжиниринг бўлими вице-президенти сифатида ишлаб келмоқда. У барча аппарат ишлаб чиқариш гуруҳларини бошқаради ва компаниянинг кейинги авлод қурилмалари учун масъул.
Сўнгги беш йилда Apple’да бир қатор муҳим кадрлар ўзгариши кузатилган. 2020 йилда маркетинг директори Фил Шиллер лавозимини тарк этган, ҳозирда эса Bloomberg Apple’нинг аппарат технологиялари раҳбари Жонни Сроужи ҳамда экологик ташаббуслар бўлими раҳбари Лиза Жексоннинг эҳтимолий кетиши ҳақида хабар берди.