IQAir халқаро платформаси маълумотларига кўра, 6 октябр куни соат 09:00 ҳолатига келиб, Тошкент шаҳри дунё бўйича ҳаво ифлосланиши бўйича биринчи ўринни эгаллади. Пойтахт ҳавосидаги майда PM2.5 турдаги зарарли заррачалар миқдори 59,8 микрограмм/метр кубни ташкил этган.
Мазкур кўрсаткич Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия этган меъёрлардан 15,4 баробар юқори ҳисобланади.
Гидрометеорология хизмати агентлиги ҳам ҳаводаги ПМ2.5 майда дисперс зарралар миқдори 78,9 мкг/м³ ни ташкил этган бўлиб, бу рухсат этилган меъёр — 35 мкг/м³ дан 2,2 баравар юқори эканлигини қайд этган.
Мутахассислар аҳолига зарурат бўлмаса кўчада кўп вақт бўлмасликни, айниқса болалар, кексалар ва нафас йўллари касалликларига мойил шахслар ниқоб тақиб юришни тавсия этмоқда.
Шунингдек, хона ичида ҳаво алмашинувини чеклаш, эшик ва дерозаларни ёпиқ тутиш, кун давомида нам тозалаш ишларини бир неча марта амалга ошириш лозим. Кўчадан қайтгандан кейин қўл ва юзни тоза сувда ювиш, кийимларни ҳаводан тозалаш ҳам фойдали ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 сентябр куни ҳам Тошкент шаҳри ҳаво ифлосланиши бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаган эди.