«Аэрофлот» авиакомпаниясининг SU-1870 рейси Москва — Тошкент йўналиши бўйича парвоз қилган Airbus A320 самолёти 6 октябр куни тунги соатларда Тошкент аэропортида ер қимирлаши сабабли қўна олмаган.Бу ҳақда Telegram’даги «Новости Ташкентского Неба» канали хабар берди.
Маълумотларга кўра, самолёт экипажи хавфсизлик чораларини кўриб, иккинчи айланмага чиқишга қарор қилган. Кейинчалик парвоз муваффақиятли якунланиб, ҳаво кемаси соат 01:50 да Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига осойишта қўнган.
Ўзбекистоннинг MyFreighter юк операторининг Афинадан парвоз қилган самолётида ҳам худди шундай ҳолат юз берган. Самолёт кутиш ҳудудида бироз вақт бўлганидан сўнг Тошкентга қўнган. Бу у олдиндан белгиланган маршрут бўйлаб айланиб, қўнишга рухсат кутганини англатади.
Бундан ташқари, Uzbekistan Airways’нинг айрим рейслар жадвалига ҳам ўзгартиришлар киритилган.
Хусусан, 6 октябрь куни Тошкент—Куала-Лумпур—Тошкент йўналишидаги HY553/HY554 рейслари кечикиш билан парвоз қилган. Самолёт Тошкентдан 6-октябрь соат 03:35 да учган.
Шунингдек, 6 октябрь куни Тошкент—Тел-Авив—Тошкент йўналишидаги HY301/302 рейслари ҳам кечикиш билан амалга оширилган. Мазкур рейс Тошкентдан 11:00 да учган. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ ушбу рейслар техник сабаб билан кечикканини маълум қилган.
Сейсмологлар маълумотларига кўра, ер силкиниши Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти ҳудудида содир бўлган. Зилзиланинг магнитудаси 5,7 балл, чуқурлиги эса 10 километрни ташкил этган. Эпицентрдаги силкиниш кучи 7 баллга етгани қайд этилган.
Ўз навбатида, ер қимирлаши Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида ҳам сезилган. Наманган вилоятида 3–4 балл, Андижонда 3 балл, Фарғонада 2–3 балл, Тошкентда 2–3 балл, Сирдарё вилоятида эса 2 балл атрофида бўлган.
Ҳодиса натижасида талафотлар ёки жароҳатлар ҳақида маълумот келтирилмаган.