Ўзбекистонда сентябр ойи давомида 28 мингдан ортиқ фуқаро фарзанди туғилгани муносабати билан бир марталик суюнчи пулини олди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, жами 40 минг 611 нафар фуқаро учун 47,9 миллиард сўмлик бир марталик нафақа тўловлари амалга оширилган. Шу жумладан, 25,6 миллиард сўм 28 784 нафар ота-онага фарзанд туғилганда бериладиган суюнчи пули сифатида ажратилган. Шу билан бирга, 11 827 нафар фуқарога дафн маросими учун 22,3 миллиард сўм тўланган.
Агентлик маълумотига кўра, суюнчи нафақасини олиш учун бола туғилгандан кейин олти ой ичида ота ёки она шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар билан «Халқ банки»нинг исталган филиалига мурожаат қилиш мумкин. Шунингдек, тўловни «Хазна» мобил иловаси орқали ҳам амалга ошириш мумкин.
Дафн этиш нафақаси ҳам шу тартибда — ФҲДЁ бўлими томонидан берилган ўлим ҳақидаги гербли гувоҳнома асосида тўланади. Бироқ агар мурожаат қилувчи шахс бу ҳуқуққа эга бўлмаса, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган ёки ўлим қайд этилганидан сўнг 60 кун ўтгач мурожаат қилса, нафақа тўланмайди.
Ҳозирги кунда суюнчи нафақаси миқдори 893 минг 513 сўм, дафн этиш нафақаси эса 1 миллион 884 минг сўмни ташкил этади. Аввалроқ ушбу тўловлар белгиланган миқдордан кам берилаётгани ҳақидаги хабарлар расман рад этилган эди.