«Ҳаммани бараварига ишдан олиш керак». Зоир Мирзаев боғча болаларининг заҳарланишига сабабчи бўлганлар ҳақида гапирди

19:20 | 4 дақиқада ўқилади.

«Бизларни ўшанда Худо асради. Агар 5-6 миллиард сўмлик дори-дармонлар вақтида бўлмаганда билмадим нима бўларди», – деган ҳоким.

Zoir mirzaevФото:Podrobno.uz

Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев вилоятнинг бир қанча туманидаги давлат боғчаларида икки мингга яқин бола оммавий заҳарлангани учун Санепидқўмитанинг вилоят бошқармаси бошлиғидан тортиб, ўша туман бўлими бошлиқларини ҳам бараварига ишдан олиш кераклигини айтди. Бу ҳақда у кеча, 6 октябр куни Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясидаги мурожаатида сўз очди, дея хабар бермоқда Daryo.uz.

«СЕС раҳбарларининг ҳаммасини лавозимидан озод қилиш керак. Вилоятдан бошлаб ҳаммасини. Бизларни ўшанда Худо асради. Агар 5-6 миллиард сўмлик дори-дармонлар вақтида бўлмаганда билмадим нима бўларди», – дейди Зоир Мирзаев вазиятни ёдга олар экан.

Зоир Мирзаев воқеада айбдор деб саналаётганлар 11 кишига етганини қўшимча қилди.

«Аутсорсинг тизими қонун олдида жавоб беради. Қамоққа олинганлар, 11 киши бўлди», – деган ҳоким.

24 сентябр куни Тошкент вилоятининг Пискент ва Бўка туманларидаги бир неча боғча тарбияланувчилари заҳарланиш алматлари билан шифохоналарга мурожаат қилинганди. 25 сентябр куни кечқурун МТВ касалхоналарда 109 нафар бола, жумладан, Қуйи Чирчиқ туманида 12 нафар ва Оққўрғон туманида 97 нафар бола борлигини маълум қилди, уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланди.

Дастлабки тахминларга кўра, болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлган.

25 сентябр куни мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова мазкур ҳолатларни шахсан ўрганиш мақсадида Қуйи Чирчиқ, Оққўрғон, Пискент ва Бўка туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида бўлди. Боғчаларнинг айни вақтдаги ҳолати, ошхоналардаги мавжуд шароитлар кўздан кечирди.

26 сентябрда салкам 2 минг нафар бола заҳарлангани маълум бўлди. Ҳолат юзасидан 7 киши қамоққа олинган. Уларнинг 2 нафари болалар заҳарланишига сабаб бўлган маҳсулот ишлаб чиқарувчилари бўлса, қолганлари аутсорсинг билан шуғулланган компания вакиллари. 27 сентябрда болалар аҳволи яхшиланаётгани боис уйларига жавоб берилаётгани маълум қилинди. Дори воситаларининг етарли захираси яратилгани, барча болаларнинг соғлиғи давлат назоратида экани билдирилди.