Нобел мукофоти соҳибини топа олмаяптилар

21:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Бу сафар физика бўйича Нобел мукофоти иммун тизимни «тормозлайдиган» Т-ҳужайраларни (Treg) кашф этган олимларга берилди..

Fred

Нобел қўмитаси 2025 йилги физиология ва тиббиёт соҳасидаги мукофотнинг уч совриндоридан бири, Фред Рамсделл билан боғлана олмади. У гаджетлардан воз кечиб, «цивилизациядан узоқда яхшироқ ҳаёт кечирмоқда». Бу ҳақда AFP агентлигига Sonoma Biotherapeutics лабораториясининг ҳаммуассиси ва Рамсделлнинг дўсти Жеффри Блюстоун маълум қилди.

Физиология ва тиббиёт бўйича Нобел мукофоти совриндорлари 6 октябр куни эълон қилинди. Рамсделл Мери Э. Брункоу ва Шимон Сакагучи билан биргаликда мукофотга сазовор бўлди. Бироқ, Нобел қўмитаси Рамсделл билан боғланиб, мукофот ҳақида хабар беришнинг иложи бўлмади. Бунинг сабаби, америкалик иммунолог ҳозирда АҚШ бўйлаб саёҳат қилаётгани ҳамда гаджетлардан воз кечиб, «рақамли детоксикация» билан шуғулланаётганидир.

«Мен у билан боғланишга уриниб кўрдим. Менимча, у ҳозир Айдаҳо чекка ҳудудларининг қаеридадир», – дея Блюстоун AFP агентлигига маълум қилди.

Нобел қўмитаси, шунингдек, АҚШнинг ғарбий соҳилида истиқомат қилувчи ва Стокголмдан тўққиз соат орқада бўлган вақт минтақасида жойлашган Мери Э. Брункоу билан алоқа ўрнатишда қийинчиликларга дуч келди.

Бу йил физиология ва тиббиёт соҳасидаги Нобел мукофоти периферик иммун толерантлик бўйича фундаментал кашфиётлар учун топширилди. Совриндорлар иммунитет тизимининг асосий ҳимоячилари – организмнинг ўз тўқималарига иммунитет ҳужайраларининг ҳужум қилишини олдини олувчи регулятор Т-ҳужайраларини аниқлашга муваффақ бўлдилар.

Сешанба куни Нобел қўмитаси физика бўйича, 8 октябрда кимё бўйича, 9 октябрда адабиёт бўйича, 10 октябрда эса тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндорларини эълон қилади. Иқтисодиёт бўйича Алфред Нобел хотира мукофоти 13 октябр куни топширилади.