Осиё футбол конфедерацияси ЎФАни 340 минг доллар жаримага тортди

11:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси 10 июн куни «Бунёдкор» стадионида ўтказилган Ўзбекистон-Қатар учрашувида бир қатор қоидаларни бузганликда айбланмоқда.

Byd

Осиё футбол конфедерациясининг (ОФК) тартиб-интизом қўмитаси 2–3 октябр кунлари қабул қилган қарорга кўра, Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) 340 минг АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилди. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий сайтида хабар берилди.

Маълумотларга кўра, жарима 10 июн куни «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Қатар учрашувида қатор қоидалар бузилгани учун қўлланилган. Асосий сабаб сифатида ўйин тугагач, майдонга футболчилар учун мукофот сифатида BYD русумидаги автомобиллар олиб кирилгани кўрсатилган.

ОФК регламентига кўра, ҳар бир мезбон мамлакат стадион ичида ва атрофида фақат конфедерациянинг расмий ҳомийлари логотипларини намоён этиши мумкин. Бошқа тижорий брендларнинг реклама материаллари ёки маҳсулотларини майдон ҳудудига киритиш қатъиян ман этилади.

Шу қоидага амал қилинмагани учун ЎФА’га йирик миқдорда жарима солинди. Мутахассислар таъкидлашича, агар ўша куни футболчиларга фақат калитлар топширилганида, ушбу маблағни йўқотиш эҳтимоли бўлмас эди.

Шу билан бирга, экспертлар бу жарима ЎФА молиявий имкониятларига жиддий таъсир кўрсатмаслигини қайд этмоқда. Уларга кўра, хорижлик мураббийга бир неча миллион евро тўлай оладиган ташкилот учун 340 минг доллар катта йўқотиш ҳисобланмайди.