Ўзбекистонлик параатлетлар жаҳон чемпионатини 12 та медал билан якунлади

13:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ню-Деҳлида бўлиб ўтган пара енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 5 та олтин, 5 та кумуш ва 2 та бронза медални қўлга киритди.

12 ta

Ҳиндистоннинг Ню-Деҳли шаҳрида пара енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати ўз ниҳоясига етди. Мусобақада дунё бўйлаб 109 давлатдан 1400 га яқин спортчи иштирок этди. Ўзбекистон терма жамоаси мазкур нуфузли мусобақада жами 12 та медал — 5 та олтин, 5 та кумуш ва 2 та бронза медални қўлга киритди.

Жамоа медаллар жамғармасида умумий ҳисобда 14-ўринни эгаллади. Биринчи ўрин Бразилияга, иккинчи ўрин Хитойга, учинчи ўрин эса Эронга насиб этди.

Олтин медаллар Ёқутхон Холбекова (T12, узунликка сакраш), Жасур Хўжаев (F32, ядро улоқтириш), Каромат Омонова (F46, ядро улоқтириш), Фахриддин Хамраев (T12, 400 м) ва Темурбек Гиязовга (T64, баландликка сакраш) насиб этди. Каромат Омонова 13,07 метр натижа билан Осиё рекордини ҳам янгилади.

Кумуш медаллар Кубаро Ҳакимова (F41, ядро улоқтириш), Шаҳина Йигиталиева (F46, найза улоқтириш), Ёрқинбек Одилов (F57, найза улоқтириш), Бобур Омонов (F41, ядро улоқтириш) ва Мадина Муҳторовага (F40, ядро улоқтириш) берилди. Муҳторова ҳам 8,99 метр натижа билан янги Осиё рекордини ўрнатди.

Бронза медаллар эса Толиббой Йўлдошев (F37, ядро улоқтириш) ва Наврўза Аҳматовага (F41, диск улоқтириш) насиб этди. Аҳматова 28,83 метр натижа билан континент миқёсидаги рекордни янгилади.