Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил сентябр ойида мамлакатга қиймати 114,4 миллион долларлик 11 534 дона электромобил импорт қилинган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,4 баробар кўп бўлиб, июл ойидаги рекорд натижани ҳам янгилади.
Энг диққатга сазовори — импорт қилинган электромобилларнинг ўртача нархи 9,9 минг доллардан ошиб, ўтган йилги 4,7 минг долларлик кўрсаткичдан икки баробар юқори бўлган. Бу, мутахассислар фикрича, бозорда юқори сегментдаги моделлар улушининг ортганини англатади.
Импортдаги кескин ўсиш Пискент туманидаги автомашина синов полигони фаолияти 2 сентябрдан тўхтатилгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Манбаларга кўра, сўнгги ойларда мамлакатга олиб кирилган, аммо синовдан ўтмаган кўплаб электромобиллар полиган ёпилгандан кейин бир вақтнинг ўзида расмий рўйхатдан ўтказилган.
Натижада статистик жиҳатдан «портлаш» кўринишида ўсиш қайд этилди, аммо бу жисмоний импорт эмас, балки аввалги ойларда тўпланиб қолган машиналарнинг расмийлашуви билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, сентябр ойида бензинда ишлайдиган автомобиллар импорти ҳам миқдор ва қиймат жиҳатидан ўсишни бошлагани қайд этилган. Аммо гибрид турдаги машиналар импорти ҳали ҳам сунъий чекловлар туфайли тикланмагани маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 2 сентябрдан автомобилларни Пискент синов мажмуасида текшириш тўхтатилиб, бу вазифа расмий дилерлар тизимига ўтказилган эди.